Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди”.

I.  Энергия ресурслари учун тўловларни ундириш.

Фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловларни ундириш борасида кўрилган чоралар натижасида:

- жорий йилнинг июнь ойида 812,4 млрд. сўм;
- жорий йилнинг июль ойида 1,2 трлн. сўм;
- жорий йилнинг август ойида 1,6 трлн. сўмдан ортиқ тўловлар ундирилди.

Қарздорликларни ундириш мақсадида июндан августгача бўлган даврда:

- 4,6 трлн. сўм қарздорликни тўлаш юзасидан 4,6 млн. талабномалар юборилди, 112,4 млрд. сўм қарздорликни иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида 177.313 та талабномалар берилди;
- 993,2 млрд. сўм қарзи бўлган 39.383 та юридик шахсларнинг ҳисоб рақамларига инкассо топшириқномалари қўйилди, судларга 12.200 та даъво аризалари киритилди;
- ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган ва тармоққа ноқонуний уланган 92.033 нафар истеъмолчилар, шу жумладан 11.179 та юридик шахслар электр ва газ тармоқларидан узилди.

II.  Турар ва нотурар жой фонди инвентаризацияси.

1.695.463 та турар ва нотурар жой биноларини инвентаризациядан ўтказиш давомида:

– 285.512 та кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган бинолар, 16.127 та ўзбошимчалик билан қурилган объектлар;
– 525.657 та носоз ёки давлат қиёслов кўригидан ўтмаган энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари;
– 110,4 млрд. сўм нореал қарздорлик (электр энергияси учун 59,7 млрд. сўм, газ учун - 50,7 млрд. сўм) аниқланди.
Натижаси бўйича тегишли чоралар кўрилди.

III.  Ҳуқуқбузарлик ҳолатларини фош этиш бўйича чора-тадбирлар.

Энергия ресурсларининг талон-торож қилиниши ва бунинг оқибатида 137,5 млрд. сўм нореал қарздорликнинг келиб чиққани ҳолатлари бўйича 111 та жиноят иши қўзғатилди.

Масалан, “Андижоншаҳаргаз, “Андижон ёғ-мой” АЖ ва “Андижон биохимия заводи” АЖ мансабдор шахслари томонидан ўзаро тил бириктириб, 7 та маҳалла аҳолисини юқори босимли газ тармоғига ноқонуний улаш йўли билан 10,3 млрд сўм талон-торож қилингани аниқланган.

Ёки, “Бўстонлиқтумангаз” филиали ва “Тошкентгазтаъминот” унитар корхонаси мансабдор шахслари истеъмолчиларнинг табиий газ сарфи кўрсаткичларига сохта маълумотлар киритиб, 15,6 млрд. сўм миқдорида нореал қарздорликнинг вужудга келишига сабабчи бўлганлар.

Шунингдек, талон-торожликлар натижасида пайдо бўлган қарздорликни энергия ресурслари ҳисобини юритиш бўйича маълумотлар базасига сохта маълумотлар киритиш йўли билан аҳолига қайта тақсимлаш ҳолатлари аниқланди.

Масалан, Косон ЭТК мансабдор шахслари 2012-2017 йилларда “Электрҳисоблагич” ДК маълумотлар базасига Косон тумани ҳокимининг қарори билан фаолияти тугатилган 100 та хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорлиги борлиги ҳақида сохта маълумотлар киритиши натижасида 2 млрд. 383 млн. сўм нореал қарздорлик пайдо бўлган.

Ёки, Жарқўрғон тумани ЭТК мансабдор шахслари 47 та фермер хўжалиги ва иқтисодиёт коллежининг 11,6 млрд. сўм қарздорлиги мавжудлиги тўғрисида маълумотлар базасига сохта маълумотлар киритганлар.

Қайд этиш лозимки, мавжуд қарздорликни ҳисобдан чиқариб бериш эвазига қонунга хилоф равишда ҳақ олганлик ҳолатлари бўйича 51 та жиноят иши қўзғатилган.

IV.  Суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш.

Жорий йилнинг июнь-август ойлари давомида кўрилган чоралар натижасида:

– 2,7 трлн. сўм ундирилиши;
– 4,3 млрд. сўм миқдорида жарималар қўлланилиши;
– суд ҳужжатларини ўз вақтида ижро қилмаган шахслардан 7,3 млрд. сўм ижро йиғимлари ундирилиши таъминланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3149-сон Қарори ижросини ҳамда ижро иши юритишни амалга оширишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдоларининг қонунийлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлаш, нархлар манипуляцияси ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик мақсадида “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Жорий йилнинг 1 сентябридан ижро ҳужжатлари бўйича мол-мулклар савдоси “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдонида фақат электрон онлайн-ким ошди савдоларида амалга оширилади.

Марказга:

- ягона электрон савдо майдонида электрон онлайн-ким ошди савдоларини ташкил этиш;
- электрон онлайн-ким ошди савдоларида мол-мулкларни сотиш масалалари бўйича ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
- электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш учун электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини бериш вазифалари юклатилган.

Энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2017 йил июнь-август ойлари давомида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан 6,32 трлн. сўм ундирилиши таъминланди.