«PAXTAKOR» спорт-машғулот ўқув маркази» МЧЖ ва «PAXTAKOR TENNIS АСЕ» МЧЖ «PAXTAKOR» футбол клуби»га бирлаштирилади. Кейинчалик унинг устав жамғармасидаги 80 фоизлик улуш «SFI Management Group» ХК МЧЖга «ноль» харид қийматида сотилади, 20 фоизи эса пойтахт ҳокимлигида қолади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг «Пахтакор» футбол клубининг моддий-техник базасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида келтирилган.

Шартномага кўра, инвестор бинолар ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлашни амалга ошириши, уларни халқаро стандартлар талабларига мувофиқ келтириши шарт ҳисобланади. Инвестиция мажбуриятларининг умумий ҳажми – камида 200 млрд сўм бўлиб, улар бизнес-режаларга мувофиқ 5 йил мобайнида амалга оширилади.

Инвестор фақат ўзига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ бажаргандан кейин устав жамғармасидаги ўз улушини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади. Унгача инвесторнинг сотиб олган улушига бўлган ҳуқуқи «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» қайди билан мулк ҳуқуқига сертификат билан тасдиқланади.

Шунингдек, ҳужжат билан айрим ташкилий масалалар тартибга солинган ҳамда «PAXTAKOR» футбол клуби» МЧЖга ва у томондан жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга имтиёзлар тақдим этилган.