Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда. Уларда давлат раҳбарига бахт-саодат, омонлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, равнақ ҳамда фаровонлик тилаб, чин дилдан эзгу истаклар изҳор этилган.  Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хусусан, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мактубида шундай дейилади:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига 

Муҳтарам Шавкат Миромонович! 

Сизни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. 

Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётда эришган муваффақиятлари барчага маълум. Ўзбекистон жаҳон миқёсида юксак нуфузга эга мамлакат сифатида халқаро муҳим масалаларни ҳал этишда алоҳида ўрин тутади. 

Давлатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлайман. Ўзаро алоқаларнинг барча йўналишлари бўйича ҳамда Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги ишларни Сиз билан биргаликда давом эттиришга тайёр эканимни тасдиқламоқчиман. Ишончим комилки, бу Россия ва Ўзбекистон халқларининг манфаатларига тўла мос келади. 

Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, чин қалбимдан мустаҳкам соғлиқ ва муваффақиятлар, халқингизга бахт-саодат ва фаровонлик тилайман. 

Ҳурмат билан, 

Владимир Путин,
Россия Федерацияси Президенти”

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўз қутловида шундай фикрларни билдирди:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига 

Муҳтарам Шавкат Миромонович! 

Сизни Қозоғистон халқи ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон Республикасининг Миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан самимий муборакбод этаман. 

Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш борасида улкан ютуқларга эришди. 

Қозоғистон қардош Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади. Давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари бундан буён ҳам ўзаро ишонч ва халқларимизнинг қўллаб-қувватлаши асосида изчил ривожланишда давом этишига қатъий ишонаман. 

Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизга мамлакат тараққиёти йўлида давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятингизда мустаҳкам соғлиқ, улкан зафарлар ва чексиз шижоат, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилайман. 

Эзгу тилаклар билан, 

Нурсултон Назарбоев,
Қозоғистон Республикаси Президенти”.

Шунингдек, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг мактубида шундай дейилади:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига 

Муҳтарам Президент жаноблари! 

Қадрли қардошим! 

Сиз Жаноби Олийларини, Сизнинг тимсолингизда бутун ўзбек халқини Ўзбекистоннинг Миллий куни муносабати билан муборакбод этишдан бағоят бахтиёрман. 

Дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 25 йиллигига тўғри келган 2017 йилда ҳамкорлигимиз сезиларли даражада фаоллашди. Ўтган йил ноябрь ойида Самарқанддаги учрашувимиз бу жиҳатдан бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди ва мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар орқали муносабатларимиз барча соҳаларда жадал ривожланмоқда. Ишонаманки, шу йил октябрь ойида Сизнинг Туркияга амалга оширадиган ташрифингиз бугунги кундаги муносабатларимизни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. 

Халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик ришталари мустаҳкам пойдевор бўлган Туркия – Ўзбекистон муносабатларини Сиз Жаноби Олийлари билан бирга янада ривожлантириш тарих олдидаги муштарак масъулиятимиздир. 

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қардош ўзбек халқига омонлик ва фаровонлик тилайман. 

Режеп Таййип Эрдўғон,
Туркия Республикаси Президенти”.

Бундан ташқари, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин

Саудия Арабистони Подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд

Бельгияликлар Қироли Филипп

Арманистон Республикаси Президенти Серж Саргсян 

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон 

Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натх Ковинд 

Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд 

Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулазиз Бутефлика 

Сингапур Республикаси Президенти Тони Тан Кенг Ям 

Италия Республикаси Президенти Сержио Маттарелла 

Польша Республикаси Президенти Анджей Дуда 

Қутловлар келиши давом этмоқда.