Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Тараққиёт стратегияси” марказининг Ёшлар сектори Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12та маъруза ва нутқлари матнларининг лингвистик таҳлили натижаларини эълон қилди.

Унга кўра Президент томонидан “Инвестиция” сўзи 30 марта қўлланилган, “Халқаро ва хорижий” сўзлари 55 марта тилга олинган, “Самарали ва таркибий” сўзларидан 87 марта фойдаланилган, “Ривожланиш” сўзи маъруза ва нутқларда 111 марта ишлатилган. Президент томонидан энг кўп ишлатилган сўзлар рейтингида иккинчи ўринни “Иқтисод ва ҳудудлар” сўзлари эгаллаган, бу сўз 158 марта қўлланилган.

Рейтингнинг биринчи ўрнини эгаллаган сўз жами 298 марта ишлатилган бўлиб, лингвистик таҳлил натижаларига кўра, давлатимиз раҳбари томонидан энг кўп урғу берилаётган масала бу “Халқ ва мамлакат” сўзлари экани аниқланган.

Ёшлар сектори тадқиқотчиларининг фикрига кўра, бугунги кунда мамлакатда Шавкат Мирзиёевни “Халқ Президенти”, “Бизнинг Президент” каби иборалар билан тобора кенг тилга олинаётгани бежиз эмас. Давлат раҳбари ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг доирасида 320 банддан иборат “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили Давлат дастури қабул қилингани аҳоли орасида дахлдорлик ҳиссини кучайтирди. Айниқса, халқ манфаатларининг биринчи ўринга қўйилиши, одамларни рози қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳукумат кун тартибига энг устувор масала сифатида олиб чиқилиши фуқароларда Президентга бўлган ишончни янада оширмоқда.