Олий маълумот юрак хуружидан азият чекиш хавфини учдан бир қисмга камайтиради. Бу ҳақда Оксфорд университети олимлари хабар беришмоқда. Маълумотлар The British Medical Journal журналида эълон қилинди.

Тадқиқотчилар 500 мингдан ортиқ кишининг маълумотларини таҳлил қилиб, мактабдан сўнг 3,6 йиллик қўшимча таълим юрак хуружи хавфини 33 фоизга камайтириши ҳақидаги хулосага келдилар. Уларнинг тушунтиришича, гап шундаки, таълим даражаси юқорироқ бўлган кишилар, одатда, кам чекадилар, тўғри овқатланадилар ва ўз вазнларини кузатиб борадилар.

Шунингдек, олий таълим юқори даромадли яхши иш топиш имконини оширади, бу эса соғлиқ ҳақида қайғуришга кўпроқ пул сарфлашни англатади. Ҳаттоки, генетик жиҳатдан юрак хасталигига мойил бўлган олий маълумотли кишиларда тегишли кўрсаткичлар яхшироқ бўлган.

Бундан ташқари, олий маълумоти бўлмаган шахслар ўзларига камроқ ишонади ва келажакда кўплаб стресс ҳолатларига учрайдилар, дея таъкидлашмоқда тадқиқотчилар. Бу эса юрак касалликларининг ривожланиш хавфини оширади, гормонлар даражасига таъсир кўрсатади, организмда яллиғланувчи жараёнлар бошланишига туртки беради.