Бугун Европада навбатдаги трансфер даричаси ёпилади. Ушбу мавзудаги янгиликларни таъқиб қилишда пайдо бўладиган саволларни инобатга олиб, трансферларнинг амалга ошиш механизмлари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Трансферлар музокаралари қандай ишлайди?

Ҳар қандай трансфер музокараси бир пайтнинг ўзида учта муҳим йўналишда олиб борилади.

1) Сотувчи ва сотиб олувчи клублар ўртасида трансфер нархини келишиш.

2) Сотиб олувчи клуб ва футболчининг агенти ўртасида футболчининг шахсий шартномаси бўйича.

3) Сотиб олувчи клуб ва футболчининг агенти ўртасида, агентга тўланадиган тўловнинг ҳажми бўйича.

Сотаётган клуб аввало, харидор клуб ва футболчи ўртасида музокараларни бошлаш учун рухсат бериши керак бўлади, аммо амалиётда турли "ўртакашлар" ҳам мавжуд бўлиб, улар расмий сўровдан олдин футболчининг фикри билан қизиқадилар ва харидор клубга етказадилар. Бундай ҳолатларда кўпинча, ноқонуний равишда футболчи билан алоқага чиқиш деб тушунилади ва иш айбловларгача бориши мумкин. Масалан, яқинда, "Саутҳэмптон" "Ливерпуль"ни Виржийл ван Дейк билан мана шундай музокараларда айблади ва марсисайдликлар расман узр сўрашди.

Трансфер бўйича музокаралар асосан WhatsApp тармоғи орқали амалга оширилади.

Агентлар ва клуб раҳбарлари асосан мана шу тармоқдан фойдаланишни афзал биладилар. Ҳақиқатан ҳам, бу электрон почтасидан кўра осонроқ, ҳамманинг телефони доим ўзи билан, гуруҳ чатларини амалга оширишга қулай, жўнатилган хабарнинг очиб ўқилгани ҳақида ўз вақтида билиш мумкин, дунёнинг исталган нуқтасидан ёзиш ва гаплашиш имкони мавжуд.


Фото: The Independent

Бундан ташқари, клуб ходими ёки раҳбари бошқа мамлакатга кетиши, бошқа клубда иш бошлаши, электрон адрес ёки телефон номерларини ўзгартириши мумкин, аммо WhatsApp манзили ўзгармай қолади. Бу эса, алоқани қайта ўрнатиш, керакли одамнинг контакт маълумотларини излаб топишни осонлаштиради. Хуллас, футбол оламида бу ижтимоий тармоқ жуда кенг қўлланилади.

Баъзи келишувлар нега трансфер ойнаси очилмасидан олдин ҳам эълон қилинади?

Масалан, "Манчестер Сити" Бернардо Силванинг трансферини 26 май куни эълон қилди. Клуб аслида 1 июлгача янги трансферни рўйхатга олиши мумкин эмас, аммо бу клубга футболчи билан келишиш, шартнома имзолашга ҳалақит бермайди. Аксарият клубларда молиявий йил 1 июлдан келаси йилнинг 30 июнигача давом этади, яъни келаси трансфер ойнаси очилгунча - бу трансферларнинг ҳисоб-китоби, йилнинг молиявий баҳоланиши учун қулай.  

Аммо клублар баъзида. баъзи трансферларни эски йилга ҳисоб-китоб қила оладилар. Мисол учун "Барселона" Фабрегасни "Челси"га 2014 йилнинг июнида сотди ва ўша трансфердан қилинган даромадни айнан тугаётган йилнинг даромадларига қўшди. Лекин барибир, "Челси" Фабрегасни 1 июлгача рўйхатга ололмасди.


Фото: The Independent

Шу билан бирга маркетинг нуқтаи назари ҳам бор. Рюдигернинг трансфери кечроқ эълон қилинганини олинг. "Челси"нинг "Адидас" билан шартномаси 30 июнга қадар бўлиб, 1 июлдан "Найк" билан шартнома бошланди. "Челси" "Найк" билан 15 йиллик 900 миллионга шартнома тузган. Ўз ўзидан лондонликлар июлдан олдин Рюдигер трансферини янги ҳомийга рақобатчи бўлган эски ҳомий - "Адидас" формасида эълон қилишдан фойда йўқ эди. Ахир янги футболчини янги ҳомий тиккан форма билан таништириш мантиқан тўғри келади.

Бундай ҳолатларда клублар янги ҳомий билан шартнома муддати бошланишини кутадилар. Шунинг учун ҳам, баъзи гўёки аниқ амалга оширилган трансферларнинг ҳам расмий эълон қилиниши чўзилиб кетади.

Нега футболчилар бартери кам амалга оширилади?

Бир қараганда, бундай келишувлар жуда фойдали ва осон кўринади. Аммо баъзи истисноларни (Галлас/Коул, Матич/Луиз) эътиборга олмаса, бундай келишувлар деярли амалга оширилмайди. Юқорида тилга олганимиздек, бир футболчининг бошқа клубга ўтиши уч томонлама келишув билан амалга оширилади. Энди, нариги томонда ҳам футболчи бўлса, икки баробар тасаввур қилаверинг.  Бунинг устига ҳар икки футболчи ҳам нариги клубда ўйнашга рози бўлиши керак.

Эсингизда бўлса, икки йил олдин "Реал" ва "МЮ" ўртасида мана шундай келишув амалга ошишига яқин турганди. Аслида сўнгги дақиқаларда бир қанча трансферлар амалга ошишини кўрамиз, ўшанда вазиятни чўзиб юборган жиҳат ҳам, ишламай қолган факсдан ташқари, мана шундай олти томонлама келишувлар бўлганди. Сўнгги дақиқаларда Наваснинг "МЮ" билан шартнома шартларида муаммолар пайдо бўлгани ҳақида ҳам хабарлар чиққанди.

Financial Fair Play трансферлар оёғига болтами?

Қисман олганда, ҳа. Бу қоида футбол клубининг трансфер бозоридаги харажатлари айнан футбол фаолиятидан оладиган даромаддан ошиб кетмаслигини талаб қилади. Бу турли бой инвесторларнинг катта пулларни бозорга олиб киришларини чеклайди.

Аммо ушбу қоиданинг ишлаш принципи кўпчилик бошқача тушунади. Мисол учун, бир клубнинг маълум бир трансфер бозоридаги сарфларини ҳисоблаб, мазкур қоидага мос келмаётгани ҳақида гапира бошлайдилар. Аслини олганда эса, қоида бироз фарқли ишлайди.

Биринчидан, ҳисоб-китоблар фақат бир ёки трансфер даричаси учун амалга оширилмади, балки бир неча молиявий йил инобатга олинади.

Эсингизда бўлса, “Интер” июнь ойида қандайдир футболчисини сотишга мажбур экани ҳақида кўп ёзилди ва “МЮ” Иван Перишични сотиб олишга ҳаракат қилди. Сабаби, айнан июнь ойида охирида ниҳоясига етадиган молиявий йилда “Интер” даромадлари олдинги йилларда қилинган трансферларни қоплашга озгина етмаётганди. Кейинчалик, қўшимча ҳомийлик шартномалари орқали “Интер” бу масалани ечди ва миланликлар Перишични сотишга муҳтож бўлмай қолдилар.

Иккинчидан, харажатлар йиллар бўйича ҳисобланиши ҳам биз ўйлагандек эмас. Клубдаги бухгалтерия ҳужжатларида амалга оширилган бир трансфер харажати бутунлигича ўша давр харажатларига олиб борилмайди. Мисол учун янги футболчи билан беш йиллик шартнома имзоланса, у учун тўланган трансфер суммаси бешга бўлиниб, келаётган беш йилга сочиб юборилади. Ўша футболчининг маоши эса, йиллик харажатларга қўшилиб борилади. Яъни эътибор қаратиш мумкинки, клубларда асосий оғирликни трансферлар эмас, маошлар ведомости ташкил қилади.

Айтайлик, Неймарни 222 миллионга сотиб олган ПСЖ футболчи билан беш йиллик шартнома тузди. Неймарнинг бир йиллик маоши 20 миллион евро бўлса, ПСЖ кейинги беш йилда ўз ҳисоботларида Неймар учун ҳар йили 222/5+20=64,4 миллион харажат қилингани акс эттириб борилади. Яъни Неймарнинг нархи ПСЖ харажатларида тўлиқ акс этса, қоидага мувофиқ бўлиш учун ана шунча пулга ўйинчиларни сотиш керак деб тушунмаслик керак. Париж клуби биргина трансфер билан ҳам йиллик фарқни йўққа чиқара олади.

Товон пуллари нима?

Баъзида, чигаллик юзага келади, масалан бир клуб футболчи учун белгиланган товон пулини тўлашга рози бўлади, аммо барибир трансфер амалга ошмайди.

Гап шундаки, аслида икки хил товон пули мавжуд: ҳақиқий ва "адолатли".


Фото: The Independent

Ҳақиқий товон пуллари - агар харидор клуб белгилаб қўйилган товон пулини тўлаб берса, клуб футболчини сотишга мажбур бўлиб қолади. Шунинг учун, клублар аввалдан шартнома шартларини оғир қиладилар ва ҳақиқий товон пулларини жуда юқори белгилаб қўядилар. Айниқса, АПЛ клублари бу борада пишиқ ишлашади: футболчи учун белгиланган товон пуллари тизими АПЛнинг бошқа клубларига ўтмайдиган қилиб қўйишади. Португалия клублари одатда, футболчини сотиб олмоқчи бўлган бошқа португал клублари учун товон пулларини 3-4 баробар қиммат қилиб белгилаб қўядилар.

"Адолатли" товон пулларининг унча таъсири йўқ, бу шунчаки, ўша белгиланган суммани таклиф этган харидор клуб билан музокаралар столига ўтиришни талаб қилади холос. Клуб ўша пулга рози бўлмаслиги, нархни ҳар қанча кўтариши ҳам мумкин.      

Independent материали асосида Қ.Асланов тайёрлади.