АҚШ ҳукумати Россиянинг Сан-Францискодаги бош консуллигини ёпишни талаб қилди. Объект 2017 йил 2 сентябригача ёпилиши керак. Бу ҳақда АҚШ давлат департаментида маълум қилинган.

Давлат департаментида шунингдек кўрсатилган муддатда Вашингтон ва  Нью-Йоркдаги иккита консуллик бўлимини ёпиш ҳам талаб қилинган. Шундан кейин икки томонда 3 тадан консуллик қолади: Россияда Нью-Йорк, Хьюстон ва Сиэтлдаги, АҚШда эса Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Владивостокдаги консулликлар. 

Давлат департаменти баёнотида айтилишича, бош консулликни ёпиш талаби АҚШнинг Россиядаги дипломатик идоралари сонини қисқартиришга қарши чора ҳисобланади. Давлат департаментида Россия ҳукуматининг қарори “асоссиз” эканлиги ва икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказиши айтилган.

Янги чекловлар киритилиши олдидан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров телефон орқали АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон билан суҳбатлашган. Тиллерсон россиялик ҳамкасбини бош консуллик ёпилиши талаб қилинишидан огоҳлантирган ва “кескинлик авж олаётганидан афсус билдирган”.

Россия давлат думасининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Алексей Чепанинг айтишича, Россия АҚШдаги консуллиги ёпилишига “муносиб” жавоб қайтаради. “Биз барча хатти-ҳаракатларга бизда жавоб бўлишидан огоҳлантирганмиз”, деб айтган депутат.

28 июлда Россия ташқи ишлар вазирлиги АҚШга Россиядаги дипломатлари ва бош консулликлари ходимлари сонини қисқартиришни ҳамда Серебряний бордаги дала ҳовли ва Москвадаги омборларни бўшатишни таклиф қилган. АҚШ бу талабни бажарган. Шундан кейин Россияда АҚШ дипломатик идораларининг 455 нафар ходими қолган. Россия АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама АҚШдаги 35 нафар россиялик дипломатни персона нон-грата деб эълон қилиш қарорига жавобан бундай қадамга борган.