Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келиши давом этмоқда, деб хабар бермоқда ЎзА.

Уларда давлат раҳбарига бахт-саодат, омонлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, равнақ ҳамда фаровонлик тилаб, чин дилдан эзгу истаклар изҳор этилган. 

Хусусан, Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг мактубида шундай дейилади:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига 

Муҳтарам Шавкат Миромонович! 

Сизни ва Сизнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами - Мустақиллик куни муносабати билан ўзим ва Озарбайжон халқи номидан самимий муборакбод этаман. 

Қардош Ўзбекистоннинг мустақиллик ва давлатчиликни мустаҳкамлаш йўлидан дадил бораётгани, ижтимоий-иқтисодий ва маданият соҳаларида эришаётган муваффақиятлари бизни ғоят қувонтиради. 

Озарбайжон ва Ўзбекистонни азалдан дўстлик ва ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашга асосланган муносабатларимиз халқларимиз иродаси билан бундан буён ҳам ривожланиб, янада мустаҳкамланиб боришига ишонаман. 

Муҳтарам Шавкат Миромонович, фурсатдан фойдаланиб, Сиз ва барча Ўзбекистон мусулмонларига муборак Қурбон ҳайити муносабати билан самимий тилакларимни йўллайман. Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, Ўзбекистон халқи фаровонлиги йўлида давлат раҳбари лавозимидаги масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман. 

Ҳурмат билан, 

Илҳом Алиев,
Озарбойжон Республикаси Президенти”

* * *

Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган: 

Япония Императори Акихито 

Уммон Султони Қобус бин Саид 

Швеция Қироли Карл Густав XVI 

Венгрия Президенти Адер Янош 

Болгария Республикаси Президенти Румен Радев 

Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Чан Дай Куонг 

Япония ҳукмрон Либерал-демократик партияси Бош котиби Тошихиро Никаи 

Европа парламенти депутати Фульвио Мартушелло 

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан 

Қутловлар келиши давом этмоқда.