«Қирғизистон 26 йиллик мустақиллик даври давомида оғир тикланиш йўлидан ўтди, осон бўлмаган иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга учради. Биз бу йиллар давомида кучлироқ бўлдик. Мамлакат кучсизланмади, синовлар оловида тобланди», - дея маълум қилди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев мамлакат мустақиллиги кунига бағишланган тантанали маросимда.

«Дунёда минглаб турли халқлар бор, бироқ фақатгина 200 та мустақил мамлакат ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ўзининг мустақил давлатига эга бўлиш – буюк бахт. Биз буни қадрлашимиз ва мамлакатимиз, мустақиллигимизни эҳтиёт қилишимиз лозим», - деди давлат раҳбари.

Унинг афсус билан таъкидлашича, 1991 йилда мустақиллик тўғрисидаги Декларация қабул қилинганидан сўнг мамлакатнинг ҳақиқий суверенитетига эришиш учун кам ишлар қилинган. «Мураккаб транзит даври 20 йилга чўзилди ва халқ учун оғир синовлар билан кечди», - деди Атамбоев.

У сўнгги йилларда мамлакатда ҳал этилаётган муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. «Миллий ресурслар энди сувтекинга сотилмаяпти. Масалан, Жеруй конига лицензияни 100 млн долларга сотдик ва плюс сармоядор лицензиянинг аввалги эгасига 65 миллион доллар тўлаб берди. Ўз пайтида бу кон учун лицензия 300 сомга бериб юборилган», - деган давлат раҳбари.

Шунингдек, республика энергетик мустақиллик ва энергетика соҳасининг барқарорлигига эришгани ҳам қайд этилди. 

Қўшимча қилинишича, яқин икки йил давомида транспорт мустақиллигига эришиш бўйича ишлар якунланади. «Қирғизистон тупик давлатдан транзитга айланади», - деди президент.

Бундан ташқари, Алмазбек Атамбоевнинг мамлакат мустақиллиги кунига бағишланган расмий маросимда айтишича, коррупция билан «аёвсиз» кураш олиб борилмоқда.

«Биз коррупция билан ҳақиқий тизимли курашни, давлат бошқарув органларидан бу ёвузликни тозалаш бўйича ишларни бошладик. Сўнгги беш йил давомида тахминан етти минг коррупция ҳолати аниқланди, энг юқори даражадаги амалдорларга қарши жиноят ишлари қўзғатилди», - деди у.

Қайд этилишича, аввалги коррупцион тизимга қайтиш бўлмайди, ҳамда Қирғизистон халқи бунга йўл қўймайди. 

«Албатта, буни баъзи сиёсатчилар «кўришни хоҳлашмаяпти». Бунга оддий изоҳ бериш мумкин: президентлик сайловлари яқин. Кўплаб шахслар аввалги тартибни қайтариш учун нафақат ёлғон ва туҳматга, балки ҳамма нарсага тайёрлар. Улар худди Айдар Акаев ва Максим Бакиев каби халқ ҳисобидан бойиш ҳаракатида», - деган Атамбоев.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, сайловлар якунлари билан боғлиқ қатор хавотирли вазият юзага келган.

«Сўнгги ҳафталарда маъмурий ресурс мавзуси кўп муҳокама қилинмоқда. Ҳаттоки, СДПКдан номзод ғалаба қозонадиган бўлса, оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш вариантлари ҳам тилга олинмоқда», - деди у.

«Тартибсизликларга келадиган бўлсак, менинг Конституция бўйича ваколатларим 2017 йилнинг 1 декабрига қадар белгиланган. Бу вақт шундай ҳаракатларни қатъий йўққа чиқариш ва жазолаш учун етарли. Бу сафар ҳеч кимни кечирмаймиз», - дея огоҳлантирган Атамбоев.

Шунингдек, унинг фикрича, у президент сифатидаги миссиясини бажарган. 

«Тинчлик, ҳамжиҳатлик, барқарорлик – сўнгги йилларда эришган энг асосий нарсаларимиз шулар. Мамлакат, халқимиз, ҳаётимиз кўз ўнгимизда ўзгармоқда. Биз иқтисодий фаровонлик учун пойдевор қўйдик», - деди у.