Сирдарё аҳолисининг сони бўйича энг ихчам вилоят бўлишига қарамай, мазкур ҳудуд ўзининг ислоҳотлар ва янгиликларга мойиллиги билан ажралиб туради. Бундай ижобий ўзгаришлардан сўнгисини Гулистон шаҳар транспорт тармоғида аҳолига яратилган инновацион қулайликда кўриш мумкин.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда “Mikroelektronika Plyus” МЧЖ ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа юртимиз Мустаққиллигининг 26 йиллиги байрами арафасида Гулистон шаҳри аҳолисига байрам туҳфаси сифатида тақдим этилди ва улар томонидан жуда илиқ кутиб олинди.

“Mikroelektronika Plyus” МЧЖ йўловчи транспорт, хусусан темир йўл соҳасида автоматлаштирилган тизимларни лойиҳалаштириш ва амалиётга жорий этиш бўйича 8 йилдан ортиқ тажрибага ва ижобий натижага эга маҳаллий корхона. Электрон қурилмаларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва модернизация қилишда халқаро ISO 9001:2008 сертификати асосида иш юритиб келмоқда.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг юртимиз йўловчиларига қулай шароит яратиш йўналишидаги режаси ҳамда ташаббускор корхона томонидан ривожланган давлатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажриба ўрганилгани, Гулистон шаҳрида қисқа муддатларда автобусларда тўловларни автоматлаштириш синов лойиҳасини амалга жорий этилишига сабаб бўлди.

Мазкур лойиҳа доирасида Гулистон шаҳридаги иккинчи, тўртинчи ва бешинчи мавзеларга қатновчи ISUZU русумидаги 10та автобуслар махсус қурилмалар (валидатор) билан жиҳозланди. Натижа эса ҳам ажойиб, ҳам жуда қулай.

Фото: Kun.uz

Аҳолига яратилган қулайликни энг аввалида йўлкира хақини нақд пулсиз тўлашни таъкидлаб ўтиш жоиздир. Эндиликда транспорт тўлов картасини сотиб олиш ва уни кейинчалик тўлдириб бориш банк пластик картаси орқали, шунингдек электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин. Бу эса ўз ўрнида қайтим беришдаги муаммоларни ечади ва тўлов жараёнини бир неча баробарга қисқартиради.

Мисол тариқасида, PayNET шохобчасига борган ҳолда ёки телефон орқали Woy-Wo тизимига уланган ҳолда транспорт картаси ҳисобини тўлдириш мумкин. Босқичма-босқич эса барча тўлов тизимлари орқали ҳисобни тўлдириш имкони яратилади.

Ҳайдовчилар ҳам бундай янгилик кириб келишидан жуда хурсанд бўлдилар. Чунки бунга етарли сабаб ва асос бор. Бундан сўнг йўловчилар тирбанд пайтларда йўлкира ҳақини қабул қилиб олиши жуда осонлашади ва қайтим билан ҳам муаммолар юзага келмайди. Ҳайдовчининг асосий эътибори йўлга қаратилиши эса барчанинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида бундан аввал Тошкент метрополитенининг Мустақиллик майдони метро бекати ҳам инновацион турникет ва бир марталик чипта сотувчи автоматлар билан жиҳозланди.

Тўлов карталари учун ҳозирги кунда жаҳонда оммалашиб бораётган NFC технологияси танланган бўлиб, у ўзининг қулайлиги, хавфсизлиги ва тезкорлиги билан тўлов ва объектларга кириш ечимларида кенг қўлланилмоқда.

NFC - Near Field Communication-ўзб. яқин масофадаги алоқа
Шунингдек, мазкур тизим барча автобусларда тўлиқ жорий этиш даврида смартфон қурилмаси ёрдамида тўловларни амалга ошириш имкони яратилади. Бунда смартфон қурилмасига махсус дастур ўрнатилиши ва тизимдан рўйхатдан ўтишнинг ўзи етарли бўлади.

NFC технологиясини қўлловчи смартфонлар валидатор қурилмасига яқинлаштирган ҳолда масофадан тўловни амалга оширилиши мумкин бўлади. Бу турдаги смартфонларнинг ривожланиши ва сонининг ортиб бориши, бундай тўловларнинг оммалашиб боришига замин яратади.

Албатта, барча турдаги смартфонлар ҳам бундай интерфейс билан жиҳозланмаган. Ҳаттоки, энг замонавий iPhone смартфонлар ҳам NFC технологиясини тўлиқ қўллай олмайди. Шуни инобатга олган ҳолда барча турдаги смартфонларда тўловларни амалга ошириш имконини берадиган электрон QR кодли чипталар жорий этилди. Бу электрон чипталар йўловчи ҳар тўлов амалга ошириш даврида алоҳида ажратилади ва улар такрорланмайди.

QR код - Quick Response Code - тезкор жавоб берувчи код
Мазкур ечимга кўра тизимга уланган барча автобуслар мобил алоқа тармоғи орқали алоқани амалга оширади. Республика ҳудудларида мобил алоқа тармоғи ҳолатини инобатга олган ҳолда ҳамда кутилмаган вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, автобуслар нафақат онлайн режимида, шу билан бирга, оффлайн режимида ҳам йўловчилардан тўловларни қабул қилиш механизми ишлаб чиқилди. Бу эса тизим узлуксиз ишлашини таъминлайди ва ишончлилигини оширади.