Мақолани эрмакка эмас, балки дилимдаги бор гапни тўкиш учун ёзаяпман. Кеча тайёрлагим келганди, лекин эҳтиросларим ақлимдан устун чиқишини билиб, бироз фурсат ўтказдим.

Мухлисларнинг бош мураббий ҳақида: “Таркибга фалончини нега олди?”, “Тактикаси қани?”, “Нега ҳеч креатив ғояларни майдонда кўрмаяпмиз” каби эътирозлари бежиз эмаслиги кеча яна бир бор кўринди. Биласизми, икки йилдан бери танқидий руҳда номи чиққан ва чиқмаган журналистлар томонидан ёзилган юзлаб мақолалар  умуман самара бермаганига ҳайрон бўласан, киши. Уларнинг танқидлари Бабаян миниб олган танкка отилган кесак мисоли таъсир қилди холос.  Энди ўша журналистлар: “Ҳали имконият бор” кўринишида қоғоз қоралаб, рақамларни санашга ўтишган. 

Тактикаси йўқ жамоа, мазмуни йўқ шеърга ўхшайди. Қофия, вазн, туроқ, сўзлар жамланмаси бор, бироқ маъно йўқ. “Бабаян тактикаси”нинг бор фалсафаси ҳам шунда. Ўйинчилар майдонда бор, тактика йўқ.  Бироқ, “ўзбек футболи тарихидаги энг зўр терма” устози алоҳида ўйинчилардаги “кўринмас қобилият” ва “қирралар”ни англай олади. Сергеев ва Лобановни “ўзига хос” жиҳатларини фақат мана шу мураббий кўра олди. Биз нодонлар тушунмадик. Достон Ҳамдамов “Осиёнинг энг яхши ёш ўйинчиси” деб тан олиниши мумкин, лекин Бабаян наздида у захирага лойиқ. Фозил Мусаев Япония олий лигасида минг тўп сурсин, терма жамоага ярамайди. Вагиз Галиулин ҳақида-ку гапириш бефойда. Ўйинчиларнинг бундай сараланишидан ташқари, Бабаян фалсафаси олдида тактика бир четда хомуш қолди. Мухлислар эса ана шундай фалсафа оқибатида ўз термасини лигаси ҳам бўлмаган Суриядан қуйида кўриб турибдилар.

Билиб айтишган: “Футболнинг боши, ўртаси ва охири мураббийга боғлиқ”. Кеча биз ўзимизни жамоа ўйинига ўзимиз томондан назар солиб, йигитларимизда жуда кўп имкониятлар бўлди деб ўйладик ҳам. Нима, Хитой термасида имкониятлар бўлмадими? Нестеров беш сониянинг ўзида жониқиб, икки марталаб яккама-яккани олгани, дарвозамиз томон ҳар уч дақиқада биттадан бурчак тепилгани йўқми? Ҳисоб рақиб фойдасига бундан-да катта кўринишда бўлиши ҳам мумкин эди..

Хитой европалик мураббий бошчилигида совуққон ва мазмунли ўйин кўрсатди. Ғалаба учун жонини бериб, бироз қўполроқ, лекин аниқ мақсад йўлида ҳаракат қилган жамоа ўйин сўнгида мақсадига эришди. Биламиз, мураббий Липпи ҳақида эшитган жойингиз бор. Марчелло Липпи - футбол тарихида жамоаси билан ҳам жаҳон чемпионати, ҳам Чемпионлар Лигасини ютган биринчи мураббий. “Ювентус”ни 4-2-3-1 схемасида ўйнатиб, бутун дунё ёқимтойига айлантирган ва Европада ягона қилган ҳам - Липпи бўлади. Унинг кўҳна қитъада эришган ютуқлари ҳақида ёзиш учун анча вақт кетади.

Самвел Бабаян шахсига нисбатан менда умуман адоват йўқ. Лекин, мана шу инсон қандай қилиб бош жамоа мураббийлигига жойлашиб қолгани таажжубга солаверади. Расмий термага миллий чемпионат ва қитъада маълум бир ютуқларни қўлга киритган мураббий тайинланиши керак эмасмиди? У мураббий бўлганидан бери термамиз бирор марта мазмунли тактикага эга учрашув ўтказмади. Эҳ, гапирсанг гап кўп. У бўлди, бу бўлди охири “Хайр, Россия” бўлди.  Кейинги жаҳон чемпионатигача ёши ўтиб қоладиган Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов увол бўлди. 

Кечаги ўйин учун футболчиларни кўп айбламанг. Кеча мураббий мураббийга ютқазди.         

Биз мураббий танлашда хато қилмаган Чин термасига чиндан ютқаздик.
 

Элмурод Эрматов, Андижон