Терма жамоамиз сафида Австрияга борадиган "Пахтакор" футболчиларига турли кўринишларда бу жамоага бегона бўлмаган Сергеев, Лобанов, Кримец-у Мерзляковларни қўшсак, "Пахтакор" атайлаб ёки атайлаб эмас, терма жамоамизнинг базавий клубига айланиб қолади. Бундай ҳолатнинг юзага келиши футболда кўп кузатилади, кўпинча табиий ҳол бўлади ва бир нечта сабаблар мавжуд.

Мисол учун, бир мамлакатда ягона кучли жамоа бўлади. Ички чемпионат ҳам шу жамоанинг яққол етакчилигида ўтади, бу жамоанинг рақибларига қарши ўйинларида устунлигини бемалол илғаш мумкин. Ўша жамоанинг таркиби ҳар жиҳатдан бошқаларга қараганда бир бош баланд савияда бўлади. Бундай ҳолатларда, ўз ўзидан мамлакат терма жамоаси айнан ўша клубнинг футболчиларидан ташкил топади. Мисол қилиб ўн беш йил олдин ташкил қилинган "Пахтакор"ни келтиришимиз мумкин. "Пахтакор" ўшанда Ўзбекистоннинг барча кучли футболчиларини ўзида жам қилиб олган, олий лигамизнинг ягона пешқадамига айланган, катта устунлик билан барча совринларни ўзиники қилиб олган, Осиё майдонларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ва терма жамоамизнинг базавий клубига айланган эди. Ёки тескариси бўлиб, аввал базавий клубга айлантирилиб, кейин совринлар ютиб олинганмиди, эсимда йўқ, муҳим эмас.

Иккинчи вариант - бизда кузатилмайдиган бошқа бир ҳолат ҳам бўлиши мумкин. Терма жамоанинг базавий клуби ўша мамлакатнинг энг пешқадам клуби бўлиши шарт эмас. Шунчаки, ички селекция ва академияга эътибор берган бирор клуб бир даврда ҳаддан ташқари кўп терма жамоага номзод футболчилар етиштириб беради. Бундай ҳолларда, одатда ўша мамлакатнинг бошқа пешқадам клубларида асосий планда легионерлар бўлади. Узоқ вақт "Ювентус" Италиянинг базавий жамоаси саналган, ҳатто жамоа чемпионлик баҳсида "Интер" ёки "Милан"га бой бериб юрган даврларда ҳам. Чунки, Милан клублари ташқи бозорга кўпроқ эътибор қаратишган ва таркиб легионерларга тўлиб кетган эди.

Яхшилаб эътибор қаратадиган бўлсак, терма жамоамиздаги бугунги ҳолат ҳар икки қолипга ҳам мос тушмаяпти. "Пахтакор", айниқса ҳозир, мамлакатимизнинг яққол пешқадам клуби эмас, ўйин бобида бошқалардан ажралиб турмайди, бу йилдан бошлаб натижаларга ҳам путур етди. Агар терма жамоамизнинг асосий мақсади халқаро майдондаги натижалар эканини эсласак, "Пахтакор"нинг Осиёдаги натижалари ҳам ҳавас қилгудек эмас. "Пахтакор" бугунги кунда ички чемпионатда "Локомотив"дан ҳам, "Бунёдкор"дан ҳам ортда қолмоқда ва шу билан бирга, ушбу жамоаларнинг таркиби легионерлар билан тўлиб кетмаган.

Савол туғилади, нега асосий таркибни қўйинг, ҳатто "Пахтакор"нинг захира ўриндиғида кўпроқ вақтини ўтказадиган номларда ҳам терма жамоада ўзини синаб кўриш учун кўпроқ имконият мавжуд?Ушбу йиғинларнинг аслида унчалик катта аҳамият касб этмаслиги, аслида терма жамоамизнинг асосини ташкил қилган футболчилар, хусусан легионерлар, муҳим ўйинларда майдонга тушиши, яъни, мана шу бугун йиғин ўтказаётган футболчилар барибир асосий ўйинларда асосий таркибда майдонга тушмаслигини айтиб, изоҳлаш мумкин. Ундай бўлса, битта саволимиз иккитага айланади.

Айтайлик, Бабаяннинг Искандаров, Шерзод Каримов, Болтабоев, Азим Аҳмедов каби футболчиларнинг терма жамоа йиғинларига жалб қилишдан мақсади нима? Агар терма жамоа мураббийи сифатида, таркибга яқин келаётган номзодларни кўздан кечириш ва таниш дейдиган бўлсак, айнан шу номлар Бабаян учун яқинроқ танишку. Худди шу баҳона билан айтайлик, олий лигадаги бошқа клубларда тўп сураётган номзодларни кўздан кечириш мантиқан тўғри бўларди, назаримда.

Терма жамоа йиғинларидан яна бир мақсад, янги номзодларни жамоа муҳитига кўниктириш ва эски аъзолар билан боғламларни яратиш, янги ўйин услубларини ишлаб чиқиш бўлади. Бизнинг ҳолатимиз бунга ҳам мос эмас  - йиғинга жалб қилинган таркиб, юқорида айтганимдек, умуман терма жамоамиз эмас, барибир асосий ўйинларда таркибнинг ярмидан кўпи ўзгариб кетади, легионерлар аралашади.

Хўш, саволни қайтараман, бу йиғиндан мақсад нима?

Биласизми, одатда терма жамоага ким жалб қилиниши ва ким жалб қилинмаслигини муҳокама қилиш мен учун доим ғалати туюлган. Ўйлардим, бош мураббий якуний натижага жавобгар, йиғинлар бош мураббий учун мана шу бўлажак натижани яхшилашга қаратилган бир имконият. Шундай бўлса, мураббий ўзига душманмидики, аслида лойиқ бўлмаган футболчиларни чақириб, лойиқларидан воз кечса. Ҳар не қилганда ҳам, бош мураббий футбол соҳасига ҳам, терма жамоа номзодларига ҳам биздан кўра яқинроқ, биздан кўра яхши билса, натижага жавобгар бўлса, нега энди биз истаган футболчиларни жалб қилишга мажбур эмас. Тўғри.

Шунинг учун мен шунчаки савол беряпман, холос.

Кейин, терма жамоа мураббийининг якуни натижага жавобгарлик ҳолати мени бироз ўйлантиради. Поезд кетидан югуриб, бир соатга кеч қолиб, ўзига ўзи "яхшиям югурганим, бўлмаса, икки соатга кечга қолган бўлардим" дейдиган латифа қаҳрамони эсингиздами? Мана шу жиҳат ташвишли. Терма жамоамиз поезд кетидан югурадими ёки юрадими, оқибатда барибир кечга қоладиган бўлса, югуришни истамаяпмизмикин? Мукаммал тайёргарлик қилишга барибир ақлимиз етмагани учун, шунчаки тайёрланиб қўя қоляпмизмикин? Белгилаган йўлимиз биз ўйлаётган мақсад учун кифоя эмаслигини билганимиз учун қўшимча мақсадларни устун қўяпмизмикин?

Нима фарқи бор, биз барибир ҳеч қачон жаҳон чемпионатига чиқмаганмиз. Барибир Корея ёки Эроннинг футболи бизникидан кучли. Хитой катта давлат. Қатарнинг пули кўп. Мабодо мақсадга эриша олмайдиган бўлсак, бизда болалар футболининг оқсаётгани-ю, миллий чемпионатимиз аянчли ҳолатда эканини айтиб, ҳаммани овутишимиз мумкин. Аввал мана шу глобал муаммолар ҳал бўлиши кераклиги, ана ўшанда мундиалга тайёр ҳолда бориб, у ерда ҳам ҳаммани қийратишимиз зарурлигини, бўлмаса шарманда бўлишимиз мумкинлигини айтиб, ҳаммани ишонтиришимиз мумкин. Бош мураббий ёки терма жамоалар маркази бечораларда у қадар катта айб йўқлигини машҳур бўлиб кетган ошпаз ва масаллиқ ҳақидаги масал билан тушунтириб беришимиз ҳам мумкиндир. Биз қилмасак, топилар, бошқа журналистлар, муаммо йўқ.

Муаммо бошқа ерда. Тасаввур қилинг, катта, серқатнов чорраҳа. Нимаям бўлган-у, бу ерга светофор ўрнатиш эсдан чиқиб кетган ёки ҳали навбат теккани йўқ. Ўша светофорда деярли ҳар куни авария бўлади. Қайсидир машина пачоқ бўлади, йўловчи жабр кўради. Савол шуки, шу чорраҳага тартиб керакми ёки йўқми? Йўл ҳаракат назорати ходимлари ҳар авария бўлганида келиб, "бу ерда светафор йўқ-да, тушунарли" деб, воқеани ўрганмай изига қайтиб кетаверса нима бўлади? Светофор баҳона, машинасини ичиб ҳайдаган ҳам, тезликни оширган ҳам жавобсиз қолаверадими?        

Шу ҳақида ўйлаб кўринг.   

Қаҳрамон АСЛАНОВ