Бутунхитой халқ вакиллари Кенгашининг доимий қўмитаси аъзолари жума куни Хитой Халқ Республикаси давлат мадҳиясини куйлаш регламентини тартибга солувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Sina нашрининг ёзишича, қонун 1 октябрдан бошлаб кучга киради.

«Қўмита аъзолари овоз бериш йўли билан мазкур қонун лойиҳасини қабул қилишга қарор қилди. Эндиликда ушбу қонун 1 октябрдан кучга кириши кутилмоқда», дейилади хабарда.

«Мадҳиянинг мавқейи ва унга ҳурмат даражасини ўйлаган ҳолда, давлат рамзини товар белгиси сифатида ишлатиш мумкин эмас. Шунингдек, жамоат жойида фондаги оҳанг сифатида ҳамда реклама лавҳасида мадҳия оҳангидан фойдаланиш қонун билан тақиқланмоқда», дейилади қонун лойиҳасида.

Эндиликда, мадҳияни дафн маросими вақтида куйлаш мумкин эмас, мадҳия фақат байроқ кўтарилган тадбирлар вақтида куйланади.

Агар белгиланган тартиб бузилса, жавобгар 15 суткалик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Қонун бандлари кўрсатилгани бўйича мадҳия матни умумтаълим мактабларидаги дарсликларга киритилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, давлат рамзининг турли носиёсий тадбирларда янграши бўйича аниқ кўрсатмалар берилмоқда.

Маълумот учун, Хитой Халқ Республикасининг давлат мадҳиясида фойдаланиладиган матн 1935 йил шоир Тянь Хан томонидан ёзилган. «Кўнгиллилар юриши» номи билан аталувчи мадҳ қўшиғи илк бор ХХ аср ўрталарида Хитой материк ерларига ҳужум қилган япон аскарларига қарши уруш ҳаракатларида янграган. 1949 йилдан у расмий давлат мадҳияси сифатида қайд этилди.