Ўзбекистондаги диний йўналишдаги тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси ҳам Ислом цивилизацияси маркази ихтиёрига ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида бўлганида маълум қилди.

“Биз аждодларимиз билан доимо фахрланиб келганмиз. Шундай экан, ўзимиз ҳам уларга муносиб бўлишимиз керак. Ташкил этилаётган марказда ҳам бунинг учун барча шароитларни яратиш, етук олимларни жалб қилиш лозим. Мазкур соҳага оид адабиётларни жамлаш, чет элларда бўлса, юртимизга олиб келиш чораларини кўриш зарур. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги диний йўналишдаги тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси ҳам марказ ихтиёрига ўтказилади. Бу ерда сабоқ берадиган ўқитувчилар билими ва савиясига алоҳида эътибор қаратиш даркор”, - деган давлат раҳбари.