Мьянмадаги Наф дарёсида мусулмон роҳингялар минган қайиқ ағдарилиши натижасида 16 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда полиция вакилларига асосланган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Мусулмонлар миллатчи буддистлар таъқибидан қочиб Бангладешга кетаётганди.

Бангладешлик чегарачилар биринчи сентябрь тонгида қирғоқ яқинида жасадларни топишган. Қайд этилишича, жасадларнинг 4 нафари ўқ тегишидан ҳалок бўлган.

Айни вақтгача, Бангладешга Наф дарёси орқали қочиб уринишлар давомида ҳалок бўлганлар сони 39 нафарни ташкил қилади.

Бундан аввалроқ Роҳингя мусулмонлари Европа кенгаши (ERC) матбуот котиби Анита Шуг маълум қилгандики, Мьянмадаги  Аракан штатида кейинги 3 кун мобайнида ҳарбийлар ҳужумлари оқибатида 3 мингга яқин мусулмонлар ҳалок бўлган.