Бутунхитой халқ вакиллари доимий қўмитаси (Хитой қонунчилик органи) 1 сентябрда атом соҳасида хавфсизлик ҳақидаги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда China News ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Қабул қилинган қонун атом реакторлари қурилиши, тегишли қурилмаларни экспорт ва  импорт қилиш қоидаларини тартибга солади. Таъкидланишича, Хитойга олиб кириладиган қурилма мамлакат қонунларида кўзда тутилган хавфсизлик меъёрлари, маъмурий меъёрлар ва стандартларга мувофиқ келиши керак. Хитойдан қурилмаларнинг олиб чиқилиши экспорт назорати давлат талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак. Ушбу қонун 2018 йил 1 январидан кучга киради.

Хитойда атом соҳасида бирорта ҳам кўнгилсизлик ёки сизиб чиқиш ҳолати юз бермаганига қарамасдан, Хитой ҳукумати қурилаётган реакторлар миқдори кескин кўпайгани туфайли атом соҳасини тартибга солувчи қонунни ишлаб чиқишга мажбур бўлган.

Қонунда таъкидланишича, атом соҳаси миллий хавфсизликнинг муҳим қисми ҳисобланади ва ушбу соҳада мавжуд талабларга мувофиқ келиши лозим. Шунингдек, таъкидланишича, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва террорчиликка қарши курашни мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидлаб ўтилган.