Литва умумтаълим мактабларида янги ўқув йили одатдагидан 10 кунга кўпроққа чўзилади, ҳарбий тайёргарлик дарслари пайдо бўлади.

"Таълим тизимини тарбиявий иш ва прогрессив жамиятни ташкил қилиш сифати йўлида катта ўзгаришлар кутмоқда", - дея таъкидлаб ўтди мамлакат президенти Даля Грибаускайте. У мактаб ўқувчиларига нафақат билимларни эгаллаш, балки ўзларига дўстлар топишни ҳам тилаган. "Мактаб давридаги дўстлар бутун умр сизларга ҳамроҳлик қилади", - деди у.

Мактаб йилидаги энг асосий ўзгаришлардан бири шуки, у одатдагидан 10 кун кўпроққа чўзилади. Таълим ва илм-фан вазири Юргита Петраускененинг бу ғояси ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланди. "Ҳар иккинчи кун – назорат иши, ҳар куни камида уч соат – уй вазифаларини бажариш учун... Бундай юкламани ўқув йилини узайтириш билан камайтириш лозим", - дея таъкидлаб ўтди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, Литвада биринчи синф ўқувчилари учун 32 ва бошқа синфлар учун 34 ҳафталик бўлган ўқув йилининг давомийлиги Европадаги энг қисқаларидан биридир. Таътиллар эса – энг узунларидан бири. Мактаб дастурларида ўқув йилининг узайтирилиши ҳисобга олинмаган, айтилишича, улар тенг ҳажмда бўлиб юборилади. Юқори синф ўқувчилари учун жорий йилдан бошланғич ҳарбий тайёргарлик дарслари киритилмоқда. "Гап ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Литва хавфсизлигига таҳдидларни аниқлаш, ватанни ҳимоя қилиш мавзулари билан таниши, фуқаролик мудофааси ҳақида кетмоқда", - деди бош вазир Саулюс Сквернялис. Дарслар дастури мудофаа вазирлиги иштирокида ишлаб чиқилди.