Ўтган йилнинг 9 октябрида «Ҳаракаҳ ал-Яқин» гуруҳининг Мьянма чегара постларига ҳужуми натижасида бошланган низолар юз берганидан сўнг 75,000 нафарга яқин роҳингя Бангладешга кўчиб келди. Айни пайтда 1,3 миллиард аҳолига эга Ҳиндистон ичида ҳам ишсизлик, қашшоқлик ва ижтимоий шароитлар паст даражада бўлиб, бунинг устига этник-диний тўқнашувлар мусулмон жамоаларининг тинкасини қуритиб бормоқда. Роҳингя жамоаси мусулмонлари ким ва нима учун қийинчиликларга дучор бўлмоқда?

Зиддият тарихига бир назар

XV асрда Буюк Британия флотилияси Ҳинд океани ҳавзасига кириб келган бир даврда, роҳингя халқи Аракан водийсида кенг ёйилганди. 1826 йили инглизлар Аракан ҳудудини аннекция қилиши билан водийга кўплаб роҳингяларнинг кўчиб келиши бошланди. Даставвал, 1869 йилда водий аҳолисининг 5 фоизини мусулмонлар ташкил қилган бўлса, 1911 йилга келиб, уларнинг сони 178 мингдан ортди.

Кейинчалик, Буюк Британиянинг ҳинд ерида олиб бораётган «бўлиб ташла, ҳукмронлик қил!» сиёсати самара бермай қўйди. Мустамлака ерларнинг мустақиллик учун кураши авж олди. Шу орада, яъни 1942 йили Аракан буддистлари, роҳингя мусулмонлари ва инглиз қуролли кучлари ўртасида жиддий тўқнашув бўлиб ўтди.

1948 йил Бирма (ҳозирги Мьянма) давлати ўз мустақиллигини эълон қилди, аммо роҳингя жамоаларини ўз фуқаролари таркибига киритмаслигини билдириб, кескин сепаристик ҳаракатни бошлаб берган.

Сўнгги кунларда вазият кескинлашмоқда

Ўтган давр мобайнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланиб келган халқаро ташкилотлар, БМТ, минтақа мамлакатлари ультра миллатчилик руҳида роҳингяларга тажовуз қилиниши йўл қўйиб келган Мьянма ҳукумати қаттиқ танқидга остига олинган.

2012 йили роҳингя аъзоларининг бири томонидан зўрланган рохина (буддист) аёли ва буддистлар томонидан 10 мусулмон қатл этилиши катта жанжални бошлаб берди. The Economist нашрининг ёзишича, ҳукумат роҳингя жамоасининг ситамларга маҳкум бўлишига бепарво бўлиб, миллатчи буддистларни бепул тушлик ва транспорт билан таъминлаб турган.

Айнан мамлакат ғарбида жойлашган Ракхайн штатида этник келиб чиқишига кўра рохиналар кам сонли бўлиб қолаётгани муаммони бартараф этишга имкон бермаяпти. 140 минг нафарга яқин роҳингянинг мақоми расман тан олинмаган ҳолатда, Ракхайн этник ва диний зиддиятлар портлаши кутилаётган бочкадек кун кечирмоқда.