Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмоннинг Хитойга давлат ташрифи доирасида Пекинда 13 та давлатлараро ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати маълум қилди. Ҳужжатларни имзолаш маросими Хитой раиси Си Цзиньпин ва Раҳмон учрашувидан кейин бўлиб ўтган.

Томонлар икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар муносабатлар даражасидан қониқиш билдиришган. 

Учрашувда Тожикистон ва Хитой ўртасида қурилиш материаллари, пахта толаси ва тоғ-металлургия минералларини қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида икки томонлама муносабатларни яхшилаш бўйича келишувга эришилди. 

Учрашувда икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик ўрнатиш, ҳамкорлик дастури, қишлоқ хўжалиги ҳамкорлигининг намунали боғи қуриш ҳақидаги меморандум, меҳнат ресурслари соҳасида ҳамкорлик меморандуми, инфратузилма соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат секторида аудиторлик фаолиятида ҳамкорлик меморандуми, беғараз ёрдам ажратиш бўйича техник ва иқтисодий ҳамкорлик келишуви, ээлектр узатиш линияларини қуриш лойиҳасига имтиёзли кредит ажратиш келишуви, илмий-техник ҳамкорлик меморандуми, интеллектуал мулк соҳасида ҳамкорлик меморандуми, Тожикистоннинг “Ховар” ва Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми, Тожикистоннинг Хатлон вилояти ва Хитойнинг Шаньси вилояти ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш келишуви каби ҳужжатлар имзоланди.

Бугунги кунгача Тожикистон ва Хитой ўртасида икки томонлама ҳамкорликка тегишли ҳужжатлар сони 200 тага яқинни ташкил қилган.