Украина президенти Пётр Порошенко миллий хавфсизлик ва мудофаа Кенгашининг чегарада хорижликлар учун биометрик назорат тўғрисидаги қарорини маъқуллади.

Тегишли фармон давлат раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинган. Қарор 2018 йилнинг бошида кучга киради, уни бажариш устидан назорат миллий хавфсизлик ва мудофаа Кенгашига юкланди.

Украинага фақатгина бармоқ изларини қолдирган ҳолда кириш мумкин бўлади. Шунингдек, сафар ҳақида аввалдан огоҳлантириш лозим. Порошенко “миграцион таҳдидга эга” давлат рўйхатига Россияни ҳам киритиш ҳақида топшириқ берган.

Хорижликларни назорат қилиш жараёни уч босқичда ўтказилади. Биринчисида киши Украинага бориши ҳақида аввалдан огоҳлантириши лозим. Иккинчи босқич – чегарада биометрик паспорт ёки биометрик маълумотларни тақдим этиш. Ҳамда учинчиси – шахсни у борган жойида қайд қилиш.

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа Кенгаши котиби Александр Турчинов бундай назоратнинг киритилиши биринчи навбатда россияликларни қамраб олиши ҳақида маълум қилганди. Радада Россия билан виза режимини жорий этишга чақиришди, бироқ Киевдагилар бу украиналик фуқароларга салбий таъсир кўрсатади, деган фикрда. 

Кенгашнинг хорижликлар учун биометрик назорат тўғрисидаги қарори яқин соатларда эълон қилинади, у бир неча босқичларни ўзига жамлаган, дея маълум қилди мамлакат раҳбари Пётр Порошенко.

"Яқин соатларда миллий хавфсизлик ва мудофаа Кенгашининг қарори эълон қилинади, унга кўра, 2018 йилнинг 1 январидан Украина учун хатарга эга бўлган давлатлардан чегарани кечиб ўтиш биометрик паспортлар бўйича амалга оширилади", - дея Порошенконинг сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

"Фикримча, бундай амалиёт кенг тарқалган. Мамлакат РФ томонидан ҳарбий тажовузкорлик объекти бўлгани шароитида, бу амалиёт ўзини тўла оқлайди", - деди Порошенко.