SanDisk компанияси дунёдаги энг катта сиғимга эга microSD хотира картасини яратганини маълум қилди. Очиғини айтганда, бу хотира картаси нархи ҳам шунга яраша анча қимматгина.

Компания 400 Гб хотирага эга дунёдаги илк microSD картасини сентябрдан бошлаб 249,99 доллардан сотмоқчи. Ушбу карта ўзига Full HD форматида ёзилган 35 соатлик видеони сиғдира олади. Шу сабабли компания бу қурилмасини асосан камералар ва ўйин консоллари эгаларига мўлжаллаб чиқарган.

Карта шунингдек дронлар эгалари, GoPro’дан фойдаланувчилар ва Nintendo Switch мухлислари учун ҳам яхшигина хизмат қилиши мумкин. Янги карта маълумотларни 100 Мб/сония тезлик билан ёза олади. Бу дегани, картага 1200 та фотосуратни бор-йўғи бир дақиқа ичида кўчириш мумкин.