Ёзги трансферларнинг асосий қисми якунланди. Европанинг деярли барча ҳудудларида трансфер ойнаси ёпилди. Фақат Испанияда бугун тунга қадар футболчиларни рўйхатга ўтказиши мумкин. Аммо кўринишидан бугунги кунда эътиборли трансфер бўладиганга ўхшамайди. Бу эса ёзги трансферлар бўйича якуний хулосалар чиқаришга имкон беради. Tribuna.Uz сўнгги 3 ой давомида амалга оширилган энг қиммат трансферлар ўнлиги билан сизни таништириб ўтади.

10. Бернарду Силва 
«Монако»дан «Манчестер Сити»га
Трансфер нархи: 50 миллион евро

Ўтган мавсумни «Монако» ўта кўтаринки руҳда ўтказди. Жамоа «ПСЖ» қатнашадиган чемпионатда бош совринни қўлга киритди. Европа чемпионлар лигасида шов-шув кўтариб ярим финалга қадар етиб борди. Бу эса Европанинг гранд жамоаларининг князлик жамоаси футболчиларига бўлган талабини кескин оширди. Ана шундай футболчилар ичида биринчи бўлиб, португалиялик Бернарду Силва «Манчестер Сити»га йўллланма олди. Гвардиола ўйин услубига жуда мос тушадиган футболчи учун «шаҳарликлар» 50 миллион еврони аяшмади. Ҳозирча, Силва «Манчестер Сити» таркибида битта учрашувда асосий таркибда майдонга тушди. Кўринишидан у ёмон таассурот қолдиргани йўқ. 

9. Кайл Уокер

«Тоттенҳэм»дан «Манчестер Сити»га
Трансфер нархи: 51 млн. евро

Фото: «Сити»

Ўтган мавсумда Гвардиолани энг қийнаган муаммо бу ҳимоя чизиғи эди. Жамоа ҳимоянинг барча чизиқларида муаммога дуч келди. Ёши ўтиб, тезлигини йўқотган футболчилар ўрни янгилари билан тўлдирилиши лозим эди. Жамоанинг бу йўлдаги энг муҳим трансфери айнан Кайл Уокер бўлди. Биринчи навбатда Кайл билан ўнг қанотдаги энг катта муаммо бартараф этилган бўлса, иккинчи томондан «Сити» учун муаммоли бўлган «инглиз паспорти» айнан Уокерда борлиги жамоанинг бир ўқ билан икки қуённи уришни англатарди.

8. Хамес Родригес

«Реал»дан «Бавария»га
Трансфер нархи: жами бўлиб 53 млн. еврони ташкил қилади

Фото: «Бавария»

Уч йил муқаддам «Реал» колумбиялик футболчини «Монако»дан 81 млн евро эвазига сотиб олганди. Жаҳон чемпионатининг ҳақиқий кашфиёти бўлган Хамес Мадриднинг янги юлдузи бўлиши кутилганди. Аммо уч мавсум давомида у бу ишончни оқлай олмади ва натижада узоқ кутилган трансфер амалга ошди. Хамес жамоани тарк этди. Аммо у кутилмаган йўналишда ҳаракат қилди. «Бавария»га. Трансфер сиёсати билан исталган жамоага дарс бера оладиган мюнхенликлар бу сафар ҳам ажойиб иқтисодий йўл билан футболчини бугунги бозор шароитида «сув текин»га қўлга киритди. Гап шундаки «Бавария» колумбиялик футболчини 2 йилга ижарага олди. Бу муддат учун улар мадридликларга 13 миллион евро (йилига 6,5 миллион) тўлайди. Шундан сўнг жамоа Хамесни 40 миллион евро эвазига сотиб олади. Унинг трансфери уч йилда жами 53 миллион еврога айланади.

7. Александр Ляказетт
«Лион»дан «Арсенал»га
Трансфер нархи: 53 миллион евро

Фото: BBC Sport

Француз футболчиси Англияга француз мураббий қўл остида тўп суриш учун ташриф буюрди. «Арсенал» Алексни қўлга киритишда клуб учун рекорд бўлган 53 млн евро миқдорида маблағ сарфлади. Албатта Ляказеттнинг сотиб олинишида «Арсенал»га қайсидир маънода омад ҳам кулиб боқди. «Ёшлигимдан «Арсенал»да ўйнашни орзу қилардим», деб минг марта таъкидласада, Ляказеттнинг истаги «Атлетико» Мадрид сафига ўтиш эди. Аммо ФИФА мадридликларнинг вояга етмаган футболчиларни рўйхатдан ўтказишда қилган қинғирликлари учун жазолади ва трансферлар учун тақиқ жорий қилди. Бундан Венгер фойдаланиб қолди. Ляказетт премьер-лиганинг биринчи турида 2-дақиқадаёқ гол урди ва унга сарфланган маблағлар бекорга эмаслигини исботлашни бошлаб юборди.

6. Бенжамин Менди

«Монако»дан «Манчестер Сити»га
Трансфер нархи: 57,5 млн. евро

Фото: «Сити»

Яна бир «Монако»-«Манчестер Сити» йўналиши бўйича амалга ошган трансфер. Ўтган мавсумни кўтаринки руҳда ўтказган француз футболчиси манчестерликларнинг яна бир муаммоли чизиғи чап қанот ҳимоясини тўлдирадиган бўлди. Араб шайхлари Менди учун ҳимоячиларга тўланган рекорд миқдордаги пулдан ҳам воз кечишга тайёр эканини кўрсата олди. Инглиз клуби «Монако»га Менди учун 57,5 млн евро тўлади. Натижада, манкунианлар икки қанот футболчиси учун жами 108,5 миллион евро пулдан воз кечишига тўғри келди. Қанотни ёшартиришнинг баҳоси шунчани ташкил қилди. Менди ўтган ҳафтада АПЛда дебют қилди ва биринчи учрашувидаёқ кўплаб нашрлар томонидан тур рамзий терма жамоасига киритилди.

5. Альваро Мората
«Реал»дан «Челси»га 
Трансфер нархи: 65 млн. евро

Фото: Premier liga

«Реал» тарбияланувчиси «Ювентус»даги ёрқин мавсумдан кейин ҳам ортга қайтарилган бўлсада, Зидан томонидан асосий ҳужумчига айлантирилмади. Француз мутахассиси кўпроқ француз ҳужумчисини афзал билди. Натижада, Мората жамоани тарк этишга мажбур бўлди. «Реал» унинг трансфери учун «Челси»дан 65 млн евро ишлаб олди. Испаниялик ҳужумчи Англиядаги фаолиятини муваффақиятли бошлашга улгурди. Биринчи учрашувда захирадан тушишига қарамасдан, Мората «Челси»даги дебют голини урди.

4. Ромелу Лукаку
«Эвертон»дан «Манчестер Юнайтед»га
Трансфер нархи: 84,7 млн. евро

Фото: «МЮ»

«Мен учун Лукаку ва Мората бир хил савиядаги футболчилар», – дея тан олганди Антонио Конте. Сир эмаски, италиялик мутахассис биринчи навбатда айнан бельгиялик ҳужумчини ўз сафида кўришни истаганди. Аммо Лукаку 2014 йилда «Эвертон»га кетишига сабабчи бўлган клубга қайтишни истамади. У «Манчестер Юнайтед»ни танлади. Манкунианлар футболчи учун салкам 85 млн евро сарфлади. Лукаку дастлабки ўйинлардан бошлаб ўзига билдирилган ишончни оқлай бошлади. Суперкубокда «Реал» дарвозаси ишғол қилинди, АПЛдаги дастлабки 3та турда у 3та гол уришга улгурди.

3. Усмон Дембеле
«Боруссия»дан (Дортмунд) «Барселона»га
Трансфер нархи: 105 млн. евро (бонуслар билан 145 млн еврога етиши мумкин)

Фото: «Барселона»

Бир йил муқаддам Дембеле Каталония клуби таклифини қабул қилишга шошилмаганди. Сабаби 19 яшар йигит ўсиши учун ҳар ҳафта тўлиқ футбол ўйнашни истаганди. «Аммо мен эртами, кечми «Барселона»га ўтишимни биламан», – дея ишонч билан гапирганди. Унинг орзуси жуда қисқа вақтда амалга ошди. Дортмунддаги бир мавсум давомидаги муваффақиятли ўйиндан сўнг француз футболчиси Каталонияга кўчиб ўтди. Албатта бу сафар Дембеле трансфери ҳақида гап кетганда бир йил олдингига нисбатан салкам 10 баравар катта суммалар ҳақида гап бораётганди. Узоқ ва ўта мураккаб музокаралардан сўнг «Барселона» бир йил олдин ақлбовар қилмас дея қаралган сумма — 105 млн евро ва қўшимча 40 млн евро бонуслар эвазига футболчини сотиб олди. Аммо бугунги кунга келиб, бу трансфер жаҳон трансфер тарихидаги бор-йўғи учинчи кўрсаткич бўлиб қолди.

2. Килиан Мбаппе
«Монако»дан «ПСЖ»га
Трансфер нархи: 135 млн. евро (қўшимча бонуслар билан 180 миллион еврога етиши мумкин)

Фото: «ПСЖ»

«ПСЖ» – трансфер бозорининг янги қироли. Ёзнинг энг эътиборга молик трансферларини айнан француз етакчиси амалга оширди. Трансфер бозорининг сўнгги кунига қадар Мбаппе қандай шартларга кўра «Монако»дан «ПСЖ»га ўтиши топишмоқ бўлиб турганди. Ниҳоят 31 августга келиб, парижликлар 18 ёшли футболчини дастлаб ижарага ва келгуси йилда бонуслар билан 180 миллион еврогача етиши мумкин бўлган нархга сотиб олди. Мбаппе ёшига нисбатан 10 баравар қимматроқ нархга сотилган илк футболчи бўлди дейиш мумкин. Аммо бу ақлбовар қилмас пуллар ҳам энг қиммат трансфер рақамлари олдида ҳеч нарса дегани эмас эди...

1. Неймар
«Барселона»дан «ПСЖ»га
Трансфер нархи: 222 млн. евро

Фото: «ПСЖ»

Бир футболчи учун 222 млн евро! Бундан кўп эмас 1-2 йил олдин орадан маълум вақт ўтиб футболчи учун шунча пул сарфланади деса ишонмаслиги мумкин эди. Аммо бу мавсумга келиб бу иш амалга ошди. Нафақат ёзнинг, балки футбол тарихидаги энг шов-шувли трансфер бўлган ушбу воқеа бозорни ларзага солди. «Барселона» битта футболчи учун шунчалик кўп пул ишлаб топган бўлсада, кўпчилик учун бу «ПСЖ»нинг ғалабаси эди. Сабаби олинган маълумотларга кўра, расмий ҳужжатларда Неймар парижликларга текинга тушди. Яъни Неймар Каталония клубидан ўз шартномасини сотиб олганди. «Одамлар мени фақатгина пул учун кетган дейишса алам қилади», – дея афсус билан вазиятни тушунтирганди Неймар. Неймарнинг мақсадини тушиниш мумкин – у дунёнинг энг яхши футболчиси бўлмоқчи. Лионель Месси ёнида эса бунинг иложиси йўқ эди.

Бонус
Ёзги трансферлар мавсуми шу қадар фаол кечдики, ТОП-10лик сафига Гильфи Сигурдссон (49,4 млн евро), Неманья Матич (44,5 млн евро), Леонардо Бонуччи (42 млн евро) ва Муҳаммад Салоҳ (42 млн евро) каби трансферлар бу рўйхатга кира олмади.

Азамат Муродов тайёрлади