УЕФА «ПСЖ» жамоаси трансферлари билан боғлиқ иш очди.

УЕФА расмий сайтида маълум қилинишича, Молиявий назорат бўйича тергов палатаси парижликлар клуби фаолиятининг молиявий фэйр-плей қоидаларига мувофиқлиги бўйича текширув ўтказади. Аммо, суриштирув ишлари якунлангунча бу иш бўйича ҳеч қандай расмий баёнот берилмайди.

Ёзги трансферлар вақтида «ПСЖ» «Барселона»дан Неймарни 222 миллион еврога харид қилди. Шунингдек, трансферларнинг охирги кунида «Монако»дан 18 ёшли ҳужумчи Килиан Мбаппе ижарага олинди.

Шаклий жиҳатдан Неймар ўз трансфер ҳуқуқини сотиб олди, Мбаппе трансфери эса кейинги мавсумда сотиб олиш шарти билан ижарага олиш кўринишида бўлди. Париж жамоаси мавсум якунлангач, футболчини 180 миллион еврога сотиб олади.

Агар Париж клуби молиявий фэйр-плей қоидаларини бузган деб топилса, жамоага санкция қўлланади - бу жаримадан тортиб еврокубоклардан четлатишгача бўлиши мумкин.