31 август куни Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали очилди.

Ислом Каримов ҳайкали очилиши маросимида Президент Шавкат Мирзиёев, Биринчи Президентнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова, бош вазир Абдулла Арипов ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва маҳкамалар раҳбарлари ҳамда ходимлари, парламент вакиллари ва жамоатчилик иштирок этди.

Ҳайкалнинг очилиш маросимида Татьяна Каримова сўзга чиқиб, нутқ сўзлади. 

Татьяна Каримова Ислом Абдуғаниевич бутун Ўзбекистон халқи ва мамлакат учун жавобгарликни ўз зиммасига олганини эътироф этди. 

«Ислом Абдуғаниевич мамлакатимизни қийин даврларда бошқарди, ҳатто айтиш мумкинки, фожиали даврларда. Фарғонада олов, Наманганда тартибсизликлар. Биз Бўкани, Паркентни эслаймиз. Ўш воқеалари. Илк йилларда Ўзбекистон Собиқ совет ҳудудида охирги ўринлардан бирида эди. Бўм-бўш дўконлар, бўш пештахталар. Бир ҳафталик ёки 10 кунга етгулик ун қолганди. Шундай вазиятда Ислом Абдуғаниевич доно халқимизга таяниб, янги мамлакат тузди. 

Президент Ўзбекистонни ҳар доим буюк келажакли давлат сифатида кўрган. У бор кучини суверен, демократик ва ҳуқуқий, дунё тан олган давлат барпо этиш учун сарфлаган. Ислом Абдуғаниевич шунчаки биринчи Президент эмас, у Мустақил Ўзбекистонимиз асосчисидир», дея эслади кўзда ёш билан Татьяна Каримова.

У шунингдек, Ўзбекистон келажаги ишончли қўлларда эканини эътироф этиб, президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорчилик изҳор этди.

«Мен дардимизни бирга бўлишган ўзбек халқи олдида таъзимдаман. Мен Ислом Абдуғаниевич ҳайкали яратувчиларига миннатдорчилик билдираман. Мен яна Шавкат Миромоновичга Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириб, ҳақиқий сиёсий меросхўр бўлгани учун шахсан миннатдорчилик билдирмоқчиман», деган у.

Татяна Каримова сўзи охирида Ислом Каримовнинг сўзларини келтирди: «Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўлласин, ўзи мададкор бўлсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин».