Жорий йилнинг сентябрь ойида 4 йилда бир марта ўтказилиши анъанага айланган, рус ҳарбийларининг энг катта масштабдаги «Запад-2017»​ номли ўқув-машғулотлари бўлиб ўтади.

Россиянинг Болтиқбўйи давлатлари ва Польша билан чегарадош қисмида, Беларусь республикаси ва Калининград анклав ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий машғулот «​Совуқ уруш»​ якунидан бери яна бир бор АҚШ-Россия муносабатларнинг кескинлашиб боришига хизмат қилиши мумкин. Ғарб вакиллари кўз олдида ўзида мавжуд барча арсенални намойиш этишни мақсад қилиб қўйган Путин қўмондонлигидаги Россия умумармия қўшини кўҳна қитъа вакилларининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бу ҳолат, аввалгилари каби, армия ҳарбий тайёргарлигини ошириш, зирҳли танк ҳарбий қисмнинг фаоллашуви билан тугайдими ёки иттифоқчи қўшни Беларусь чегарасидан нарида жойлашган «инжиқ» мамлакатлар кайфиятини бузиб, ғарбдаги Россиянинг доимий қўшинига айланиб қоладими, бунга аниқ жавоб йўқ. Айримлар Россиянинг кутилмаганда Болтиқбўйидаги собиқ Совет мустамлакаларига ҳужум қилишдан тап тортмаслигини таъкидласа, қолганлар шунчаки, навбатдаги «ўйинлар»га гувоҳ бўлинишини айтмоқда.

Тарихга назар солсак, «​Запад-2013»​ тадбиридан бор-йўғи 4 ой ўтиб, рус ҳукуматига садоқатли Украинадаги ҳокимият ағдарилгач, дунё тартиботини зир титратган «Майдан»​ воқеалари рўй берди. 1991 йилда якунланган «​Саҳро бўрони»​ операциясидан яхши сабоқ олган пост-Совет Россияси узоқ вақт халқаро муносабатларнинг қудратли ўйинчисига айлана олмаганди. Воқеалар тизгини Қримнинг федерация таркибига қўшиб олиниши, Украина шарқида нотинчлик келиб чиқиши ва Сурияда олиб борилаётган ҳарбий амалиётлар билан ўзгара бошлагани яққол намоён бўлмоқда. Ўтиб бораётган 2017 йилнинг ўзида Россия ҳукумати кибер-террористлар ёрдамида бир нечта сайлов жараёнига таъсир ўтказишга уринишда айбланди. Курашнинг кўриниши ва тури таниб бўлмас даражада ўзгардики, рус медиа макони ҳам ахборот тарқатиш ва уни етказиб беришда, асосан шимол манфаатини кўзлай бошлади. «​Яшил одамчалар»​ қўли билан Қрим назоратга олингач, марказий телеканаллар «​Қахрамон шаҳар»​ ҳақида фильмлар ва кўрсатувлар намойишини бошлади.

Ғарб нашларининг ёзишича, айнан «​Запад-2013»​да намойиш қилинган қуроллар, тактик ҳаракатлар асносида шарқий Украинадаги рус миллатига мансуб сепаратизм ҳаракати фаоллари Путин ҳукумати томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Бундай прокси (ўз еридан узоқда) ёки гибрид урушни олиб бориш билан бирга Россия Башар Асад ҳокимиятини сақлаб қолиш учун музокараларни бошлади. Гарчи Украина шарқида йирик ғалабаларга эришилган бўлмасада, ундан ўрганилган тажриба асқотди.

АҚШнинг кейинги ҳаракатлари қандай бўлиши мумкин? Аввало, ғарбнинг энг қудратли давлати НАТО альянсидаги ҳамкорларини ҳар қайси пайт ҳимоя қила олишини эслатиб қўйиши лозим. Айниқса гап Болтиқбўйи давлати ҳақида кетар экан, америкалик ҳарбийлар бунга қўл қовуштириб тура олмайди. Бунинг устига, Путин ишончли иттифоқчиларсиз, Ғарб иқтисодий санкцияларининг оғир юки билан, қолаверса, сабабсиз суверен давлат ҳудудига бостириб кирадиган даражада тажрибасиз эмас. АҚШ ҳарбийлари эса икки векторли сиёсатдан воз кечмаган ҳолда дунёда етакчиликни қўлдан бермасликка интилиши тайин.