АҚШ собиқ президенти Барак Обама учун 2018 йилги харажатлар америкалик солиқ тўловчиларга 1,15 млн долларга айланади. Конгресс тадқиқот хизмати ҳисоботини Washington Free Beacon нашри эълон қилмоқда.

Ўтган асрнинг 50-йилларида Қўшма Штатларда собиқ президентлар давлат қарамоғида қолиши тўғрисидаги қонун қабул қилинган эди. Улар вазирлар даражасидаги маошлар миқдорида нафақа олишади. Уларнинг рафиқаларига ҳам тўловлар қилинади. Собиқ президентлар давлат томонидан тўланадиган идора ва алоқага ҳам эга бўлишади. 

Ҳисоботга кўра, Обама бир йил мобайнида 236 минг доллар миқдорида нафақа олади. Унинг Вашингтондаги 760 м2 майдонли идорасининг ижараси давлат бюджетига 536 минг долларга тушади. 1,15 млн доллар ичида, шунингдек, ҳарбий госпиталлардаги тиббий суғурта ҳам бор. Собиқ президентларнинг ёрдамчилари ҳам бюджетдан маош олишади. 

Таъкидланишича, 2018 йили Обама учун харажатлар айни вақтда ҳаёт бўлган президентлар харажатларининг умумий миқдоридан ортиқ бўлади. Масалан, Ж.Буш кичикка Обаманикидан 100 минг доллар камроқ сарфланади. Б. Клинтонга ундан 200 минг доллар камроқ берилади. Катта Ж.Буш эҳтиёжлари учун 2018 йилда 942 минг доллар ажратилган, Жимми Картерга атиги 456 минг доллар сарфлаш режалаштирилган.

Шу билан бирга, бу харажатларга собиқ давлат раҳбарларини қўриқлаш бўйича тўловлар киритилмаган. Бу ишни Махфий хизмат амалга оширади. Аммо, баъзи маълумотларга кўра, собиқ президентларни қўриқлашга ўнлаб млн доллар сарфланади.