Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжни афв этиш тўғрисидаги гап-сўзлар Америка разведка агентликларини хавотирга солмоқда, дея ёзаяпти The Hill нашри.

Ассанжнинг афв этилиши эҳтимолдан узоқ эканига қарамай, АҚШ президенти Дональд Трампнинг Wikileaks ҳақидаги баёнотлари эътиборга олинса, бу ғоя разведка доираларида жиддий қабул қилинмоқда.

Трамп афв этиш бўйича ҳуқуқидан фойдаланишга тайёрлигини ўтган ҳафтада кўрсатиб берди – Аризона штатидаги Марикопа Каунти собиқ шерифи Жо Арпайо афв этилди.

Бу қарор Вашингтонда президент келажакда ўз ваколатидан керакли мақсадларида фойдаланиши мумкинлиги ҳақида тахминлар келтириб чиқарди. Бу, айниқса, Трамп «МХА, МРБ, ФҚБ ва Миллий разведка раҳбари котибиятини шубҳа остига олгани» фонида долзарб аҳамият касб этади.

Аввалроқ Ассанж АҚШ Давлат департаментига қўнғироқ қилиб, Ҳиллари Клинтонни идора электрон тармоқларига киберҳужум ҳақида огоҳлантирмоқчи бўлгани хабар берилганди.