Биткоин криптовалютасининг курси шанба, 2 сентябрь кунги савдоларда бир бирлик учун 5 минг доллардан ошиб кетди. Бу ҳақда Coindesk электрон криптовалюта биржаси сайтида хабар қилинган.

Биткоин курси Тошкент вақти билан соат 8:25да бир бирлик учун 5013,91 долларни ташкил қилди, бироқ орадан ўн дақиқа ўтиб нархи 5000 долларга пасайди. Биткоин Тошкент вақти билан соат 14:55да 5,41 фоизга арзонлашди ва 4,68 минг доллар турган.

Coindesk’нинг таъкидлашича, бу ҳафтада биткоин курси 4700-4800 доллар атрофида ўйнамоқда, бир сафар эса 4221 долларга ҳам тушиб кетди.

Август ўртасида биткоин курси бир бирлик учун 4 минг доллардан ошиб кетиб, тарихий максимумга эришганди. Ўшанда криптовалютанинг бозордаги қиймати 66,9 млрд долларни ташкил қилди. Шу билан бирга, ажралиб чиққан Bitcoin cash 3 фоизни йўқотди – унинг курси 311,11 долларга тенг бўлди.

Аввалроқ биткоин бозор қиймати 4600 доллардан ошгани хабар қилинганди.