Ўзбекистон умумтаълим мактабларининг биринчи синфларида 650 мингдан зиёд бола таълим олишни бошлади. 2 сентябрь куни мамлакатдаги барча мактабларда Билимлар куни тадбирлари бўлиб ўтди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳар бир биринчи синф ўқувчисига 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» тантанали равишда топширилган.

Янги ўқув йилининг илк соатлари «Мустақиллик дарслари» ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган «Хотира дарслари» билан бошланди.

Жорий йилда Ўзбекистон мактабларида 10-синфлар қайта тикланди. Улар учун 12та фан ўқитилиши назарда тутилган ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилиб, улар асосида 18 номдаги дарсликлар тайёрланган.

Янгидан ишлаб чиқилган давлат таълим стандартлари асосида умумтаълим мактабларининг 1-, 4-, 6-, 7-, 10-синфлари ўқувчилари учун 43,9 млн. нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, таълим муассасаларига етказилди.

Ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарини бойитиш мақсадида 28 номдаги жами 1,2 млн нусха лотин графикаси асосида яратилган ўзбек ва чет эл ёзувчиларининг бадиий адабиётлари ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарига етказиб берилди.

2017 йилда республика бўйича 482та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 12таси янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 319таси реконструкция қилинди, 151таси капитал таъмирланди.