Honda Motor автоконцерни Takata компаниясининг камчиликка эга хавфсизлик ёстиқчаларидан жабрланган АҚШ фуқаролари томонидан даъво аризаларини ёпиш учун 605 млн доллар тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда автомобиль компаниясининг ўзи маълум қилди.

Takata хавфсизлик ёстиқчалари билан боғлиқ бўлган суд даъволари бўйича тўловларнинг умумий миқдори 1,2 млрд доллардан ошиб кетди. Япония ва Германиядан бўлган олтита автомобиль компанияси йирик товон пулларини тўлашга рози бўлди – улар орасида Toyota Motor, Mazda Motor ва BMW бор.
 
Takata билан боғлиқ можаро 2014 йилда бошланди. АҚШ ҳукуматининг аниқлашича, компания томонидан тайёрланган хавфсизлик ёстиқчалари насосдаги камчиликлар туфайли автофалокат пайтида жуда катта куч билан очилиши мумкин, бу эса автомобилда бўлган кишилар пластик ҳамда металл парчаларидан жароҳатланиши эҳтимолини келтириб чиқаради. Жаҳон бўйлаб шундай ҳодисалар туфайли камида 17 киши ҳалок бўлган.