Буюк Британиянинг Сент-Эндрюс университети олимлари қадимий шахмат масаласи ҳал қилинишига миллион доллар мукофот пули таклиф қилишди. Бу ҳақда университет сайтида маълум қилинди. 

“8 та фарзин ҳақидаги масала” деб номланган масала 19-аср ўрталарида ўйлаб топилган. Унинг моҳияти шундан иборатки, шахмат тахтасида барча 8 та фарзинни улардан бири бошқасининг зарбасига учрамайдиган қилиб жойлаштириш керак. Бунда фарзин вертикал, горизонтал ва иккала диагонал чизиқлар бўйича барча катакларга ҳужум қила олиши назарда тутилади. 

64 та катакдан иборат стандарт шахмат тахтаси учун бу масала ечими 1850 йилдаёқ топилган. Тахтадаги катаклар сони ва доналар сони кўпайгани сари масала мураккаблашиб боради. Олимлар агар тахта ўлчами 1000 га 1000 катаклик қилиб оширилса, бу масалани ечишга ихтисослашган компьютер дастурлари осилиб қолишни бошлашини айтмоқдалар.

Профессор Ян Гентнинг фикрича, ушбу масалани тез ечиш алгоритмини ярата олган одам ўз дастурини бошқа масалаларни ҳал қилишга, жумладан интернетда кодларни дешифровкалашга мослаштира олади.