«Ливерпуль» трансферлар даричасининг сўнгги кунида «Барселона» билан Филиппе Коутиньо бўйича музокара ўтказилганини тасдиқламади.

«Ливерпуль»нинг позицияси бундай,  «Барселона» тарқатган хабарлар – бошдан оёқ ёлғон. Заррача ҳақиқат йўқ», – дея ёзган The Telegraph мухбири Крис Баскомб.

«Ливерпуль»даги манбаларга асосланган бу маълумотни таниқли журналист Гильем Балаге ҳам тасдиқлади.

«Ливерпуль» томони билдиришича, клуб бу ёзда бир дақиқага бўлса ҳам Коутиньони сотиш ҳақида ўйламаган ва унинг трансфери бўйича ҳеч қайси клуб билан музокара ўтказмаган.

Қайд этилишича, каталонияликлар аввалбошдан «қизиллар»нинг бу борадаги қатъий позициясидан хабардор бўлишган.

Бундан аввалроқ «Барселона» ижрочи директори Альберт Солер «Ливерпуль» 1 сентябрь куни Коутиньо учун 200 миллион евро талаб қилгани, шу туфайли ушбу футболчини сотиб олишнинг имкони бўлмагани ҳақида маълум қилганди.