Оскар мукофоти совриндори, америкалик актёр Мэтт Дэймон президент Доналд Трампнинг сиёсий фаолиятига қадар бу қадар кўп фильмларда кўриниш беришига нима сабаб бўлгани ҳақида сўзлаб берди. The Hollywood Reporter нашрига берган интервьюсида актёр «Трамп эгалик қилувчи бирор бино, жумладан Trump Tower («Трамп минораси») биносида суратга олиш ишларини олиб боришга рухсатнома фақат унинг кадрда кўриниш бериши билан кафолатлангани» ҳақида гапириб берди.

Мэттнинг сўзларига кўра, Трамп 1992 йил суратга олинган Ал Пачино иштирокидаги «Аёл ифори» фильмида ҳам суратга тушган. Аммо сўнгги монтаж пайтида у иштирок этган лавҳа асосий фильм кадрларидан олиб ташланган.

«Агар Трампнинг бирор мулкида ишлашни хоҳласангиз, аввало Доналднинг ўзига роль таклиф қилишингиз керак. Режиссёр Мартин Брест ўша фильмини суратга олиш пайти бир неча соатларни Трамп иштирокидаги лавҳани тайёрлашга сарфлайди», дейди актёр.

Барчага маълум, «Бола уйда ёлғиз 2» фильмида Дональд Трамп кичик Кэвинга йўлни кўрсатиб юборади.