2007 йилнинг 2 сентябрь куни амалдаги «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола бош мураббий сифатидаги илк учрашувини ўтказганди.

Ўшанда испан мутахассисининг биринчи клуби «Барселона Б» бўлиб, Гвардиола бошчилигида жамоа Испаниянинг нуфузи жиҳатдан учинчи дивизиони - терсереда биринчи ўринни эгаллаб, Сегундага йўлланмани қўлга киритганди. Мавсум якунлангач, Гвардиола жамоани тарк этди.

2008 йилдан 2012 йилга қадар у «Барселона»нинг асосий жамоасини бошқарди. Тўрт йил давомида у жамоа билан оламшумул ғалабаларни қўлга киритди. Уч карра Испания чемпиони, икки карра мамлакат кубоги, уч карра суперкубок, икки карра Европа чемпионлар лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, шунингдек, икки марта Европа Суперкубогида зафар қучди.

2013 йилдан 2016 йилга қадар у «Бавария»ни бошқарди. Мюнхенликлар жамоаси билан у 3 карра Германия чемпиони, икки карра мамлакат кубоги соҳиби бўлди. Халқаро майдонда УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонди. 2016 йилдан бошлаб эса «Манчестер Сити» бошқарувига келди ва ҳозирча бу ерда ҳеч қандай совринни қўлга кирита олганича йўқ.

Қайд этиб ўтиш жоиз, Гвардиола икки карра дунёнинг энг яхши мураббийи номини қўлга киритган. 2011 йилда ФИФА талқинига кўра, дунёда тенгсиз деб топилган.