Бугун Ўзбекистонда янги ўқув мавсуми бошланди ва дунёнинг кўплаб таълим тизимида ҳам сентябрь мавсум боши ҳисобланади. Бундан ташқари, 1 сентябрь санаси Гарри Поттер саргузаштларини мароқ билан ўқиган, филь​мларда томоша қилган мухлислар учун қадрли сана. Айнан шу куни у илк бор Ҳогвартсга ташриф буюради. Шу муносабат билан Pottermore сайти афсунгарлар билим юртига виртуал саёҳат уюштириш имкониятини яратди.

The Hogwarts Experience виртуал саёҳатига отланиш учун сайтда рўйхатдан ўтиш сўралади. Фойдаланувчилар Ҳогвартс билан бир қаторда тақиқланган ўрмон ва Ҳагрид кулбасига ташриф буюради. Шунингдек, хоҳловчилар квидич ўйинлари ўтказиладиган майдон билан танишиб чиқиши мумкин.

«Биз Поттерни севгувчилар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқдамиз. Виртуал саёҳат давомида фойдаланувчи Ҳогвартснинг ҳар бир бурчаги билан яқиндан танишиб чиқиши, хоҳлаган пайти қайта ташриф буюриши мумкин», дейди Pottermore Global Digital бош директори Генриетта Стюарт-Реклинг.

Саёҳат чоғида китобда таъкидланган 100та манзилга ташриф буюрилади.

Гарри Поттер саргузаштларининг яратувчиси, ёзувчи Жоан Роулинг, Форбес рейтинги бўйча, 2017 йилнинг энг кўп гонорар оладиган ёзувчиси сифатида қайд этилган. Журнал жамоаси унинг даромадларини 95 миллион АҚШ долларига тенг, деб ҳисоблайди.