Сунъий идрок амалиётда қўллана бошланганидан бери, у одамлар билан сўзлашишни, компанияда ишлашни, мусиқа басталашни, ҳаттоки, мақола ёзишни ҳам ўрганди. Айрим мутахассислар ушбу технологиянинг салбий жиҳатлари ҳақида сўзласа, бошқалари эса инсониятнинг энг йирик кашфиётлари қаторига сунъий идрокни ҳам қўшиб бўлган. Барча муҳокамалар ана шу технология шиддат билан ривожланаётган бир даврда юз бермоқда. Business Insider нашри инсоният сунъий идрок билан ҳамнафас яшашга ўтишдан аввал, бир нечта саволларга жавоб бериш кераклигини эслатиб ўтди.

Технология ижодкорлари ва тадқиқотчиларни бир савол ўйлантирмоқда: шу турдаги идрокка эга жисмда ахлоқ бўладими?! Месциа коллежи профессори ва MindfulMarketing.org портали асосчиси доктор Девид Ҳегенбухнинг фикрича, технология ахлоқ тушунчасига эга бўлиши мумкин, аммо бунинг учун катта меҳнат қилиниши лозим.

Гап шундаки, технологиялар, асосан, самарадорлик ва сермаҳсул фойда эвазига ишлайди. Шунга қарамай, ўртада ахлоқ ва маънавият тушунчаси турар экан, самарадорлик иккинчи планга тушиб қолади: энг тўғри, деб ҳисобланган томонга ён босиш талаб этилади. Агар биз сунъий идрок билан яшашни истар эканмиз, қуйидаги тўртта саволга жавоб беришимиз зарур.

1. Қандай ахлоқ қоидаларига амал қилиниши лозим?

Инсониятнинг ахлоқ тушунчаси бир маданиятга мансуб шахсга одатий туйилган ва бошқа бирини ҳақорат қилиш маъносида бўлган ҳаракатлар билан ўлчанади. Бунга мисол қилиб, сўз, имо-ишора, кийим-кечак ва бошқа нарсаларни келтириш мумкин. Машинани ахлоққа «чақиришдан» аввал, одамзот учун ягона ахлоқ меъёри қандай бўлиши кераклигини аниқлаш муҳим.

2. Сунъий идрок ахлоққа оид масалаларни муҳокама этишга ҳақлими?

Биринчи саволга эътибор қилинг, инсоният турли ахлоқ меъёрларини якдил бир кўринишга келтирмоқчи ва буни эплай олмади. Шунга қарамай, кишилар келишувга эришди, энди эса машиналарнинг турфа дастури ва муҳокамасини тасаввур қилинг. Машина мураккаб вазиятни тушуна олиши ва қандай ечим таклиф қилишини англаб олиш лозим.

3. Алгоритм мазмунни тўлиқ тушунадими?

Муҳим қарорни қабул қилишдан аввал, биз вазият тўлиқ назоратда эканлигига ишонч ҳосил қиламиз ҳамда шароитдан келиб чиқиб бирор ҳаракатга қўл урамиз. Масалан, якка турдаги товар учун бозорда талаб ошса, компания ишлаб чиқарган маҳсулотлари учун нархни оширади. Лекин гап инсон ҳаёти билан боғлиқ дори-дармон ва унга эгалик қилувчи ягона компания ҳақида кетса, машина бу ҳолатда бошқа омилларни ҳисобга ола биладими?

4. Жавобгарлик кимнинг зиммасига юклатилади?

Компаниялар доимо танқид ва муаммоларга учраб туради. Баъзида инқироз иштирокчиси оғир вазиятдан қутулиб кетиш учун жавобгарликдан қочади ва бошқаларни айблай бошлайди. Сунъий идрокни ишга ўргатиш пайтида йўл қўйилган хатога жавобгар ким: ишлаб чиқарувчи компания, дастурчи ёки фойдаланувчи? Зиддиятларни осон ечиш учун шу саволга жавоб топиш лозим.

SpaceX ва Tesla асосчиси ва раҳбари Илон Маск айтганчалик сунъий идрокнинг пайдо бўлиши ижобий ҳодиса эмас, балки такомиллашиб боришни талаб этадиган, ҳали етилмаган лойиҳа ҳисобланади.