АҚШ президенти Дональд Трамп конгрессдан “Ҳарви” довули оқибатларини бартараф этиш учун бирламчи ёрдам сифатида 7,85 млрд доллар сўради. Бу ҳақда Оқ уйга иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Оқ уйнинг маъмурий бюджет бошқармаси директори Мик Малвейнининг маълум қилишича, агар сентябрь охиригача эришиладиган давлат қарзининг энг юқори чегараси кўтарилмаса, бу молиялаштиришга таъсир кўрсатади.  

Таъкидланишича, Трамп дастлаб 5,95 млрд доллар сўрамоқчи бўлган, бироқ бу қиймат етарли бўлмаслигига қарор қилинган.   

Юқоридаги суммадан 7,4 млрд доллари Фавқулодда вазиятларни бошқариш федерал агентлигига, 450 млн доллари эса Кичик бизнес ишлари бошқармасига ажратилади. 

1 сентябрда Трамп “Ҳарви” оқибатлари билан курашиш учун ўз маблағлари ҳисобидан бир миллион доллар хайрия қилиши маълум қилинганди. 

“Ҳарви” АҚШ ҳудудида 2005 йилдан бери кузатилган энг вайронкор довул бўлди. Довул ва унинг ортидан юзага келган тошқин оқибатида 48 киши ҳалок бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, довул 100 млрд долларлик зиён келтирган.