31 август куни Ногирон болалар "Камалак" уйида "Трастбанк" хусусий акциядорлик банки томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон болалар учун хайрия тадбири ўтказилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, нафақахўр ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар" дастури доирасида ташкил этилди. 

"Трастбанк" вакиллари ногирон эҳтиёжманд оилалар фарзандларига бўлган эътибор ва ғамхўрликни ошириш мақсадида Миробод туманида яшовчи ногирон болалар ва Меҳрибонлик уй тарбияланувчилари учун махсус совғалар улашишди. 

Тадбир давомида 20 нафар болаларга мактаб рюгзаки, барча ўқув қуроллари ва ширинликлар топширилди. 

Комилжон Тошмуҳаммедов, Ногирон болалар "Камалак" уйи менежери: 

"Ногирон болалар "Камалак" уйидаги имконияти чекланган болаларга "Трастбанк" хусусий акциядорлик банки томонидан янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан мактаб анжомлари, ўқув қуроллари ҳадя этилди. Бу эса меҳрга ташна болаларимизга катта қувонч бағишлади. Мен фурсатдан фойдаланиб банк раҳбариятига бундай эътибор ва ҳомийлик учун ўз миннатдорчилигимни билдираман".

Гавҳар опа, Ревматоидли полиартрит касали билан хасталанган: 

"Бу марказда болалар учун турли тадбирлар, хайрия акциялари ташкил этиб турилади. Бугун ҳам болаларимизга эсдалик совғалари улашилаётганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Қурбон ҳайити - сахийлик, яхшилик ва саодат улашувчи кундир. 10 ёшли қизим Асалхон ҳам эрта наҳорда туриб, менинг тезроқ соғайиб кетишим учун рўза тутди. Бугун эса "Камалак" уйи томонидан қизимга ажойиб совғалар беришди. Бундай эътибор учун ташаккуримизни изҳор этамиз".