Ўзбекистон терма жамоаси 31 август куни Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Хитой терма жамоасига қарши ўтказилган ва 0:1 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган учрашувдан сўнг 1 сентябрь  куни Тошкентга қайтиб келишган. Терма жамоа футболчилари билан бир самолётда келган йўловчилар ижтимоий тармоқларда жойлаётган суратлар ижтимоий тармоқларда муҳокамалар мавзусига айланди.

Бу суратларда Хитойдан мағлуб бўлган терма жамоа футболчилари ва мураббийлар штаби аъзолари ҳеч нарса бўлмагандек самолёт бортида карта ўйнаб ўтиришганини кўриш мумкин.

Самолётда бўлган футбол ишқибозлардан бири карта ўйнаб ўтирган футболчилар суратига «Мана футболчиларимиз асл аҳволи», дея изоҳ берган.

Айни вақтда футбол мухлислари бир овоздан бу ҳолатни кескин қораламоқда.

Бу вақтда эса интернетда Тошкентга шу куни учган Жанубий Корея терма жамоаси самолётидан сурат пайдо бўлди. Унда кореяликлар мураббийлари самолёт бортида ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг Хитойга қарши ўйинини таҳлил қилиб кетаётгани кўринади.

Қуйидаги сурат эса Неймарнинг Инстаграмдаги саҳифасидан.

Унда ҳам бразилиялик футболчилар қарта ўйнашмоқда. Аммо уларга ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Чунки, улар майдондаги ишни қойиллатиб қўйишган ва навбатдаги рақибни ҳам мағлуб қилишганди.