Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг укаси Давид Украина миграция хизматининг Киевдаги туман бўлимидан қўйиб юборилди. У бўлимга кейинчалик депортация қилиниш учун етказилганди. Бу ҳақда журналистларга Олий рада депутати, Саакашвилининг “Янги кучлар ҳаракати” партияси аъзоси Юрий Деревянко маълум қилди.

“Давид Саакашвили Украина миграция хизматининг бўлимини тарк этган ва уйига кетган”, деб айтган Деревянко.

Унинг айтишича, аввалроқ Давид Саакашвили етказилган полиция бўлимида миграция хизмати департаменти бошлиғи ҳам бўлган ва у Давид ҳибсга олинган ҳисобланадими ёки кетиши мумкинлиги ҳақидаги саволга “Йўқ” деб жавоб берган. Шундан кейин Давид ўрнидан туриб, бўлимни тарк этган. Саакашвилининг укасига “маъмурий қоидабузарлик ҳақидаги баённома, жарима ва у Украинани муайян муддатда тарк этиши кераклиги ҳақида ҳужжат” берилиши керак бўлган. 

Деревянконинг айтишича, миграция хизмати бўлимига Киев полициясининг тезкор гуруҳи чақиртирилган. Полицияга “ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томондан жиноят содир этилгани” маълум қилинган. “Жиноят шундан иборатки, Давид Саакашвили ноқонуний ушланган”, деб қўшимча қилган Деревянко ва 4 сентябрда Саакашвили вакиллари ушбу ҳолат юзасидан судга мурожаат қилмоқчиликларини маълум қилган.