АҚШ президенти Дональд Трамп Американинг Афғонистондаги стратегиясига жузъий ўзгартиришлар киритилганини эълон қилди, бироқ АҚШ тарихидаги энг узоқ урушни наркотеррорчиликка қарши курашмасдан туриб, ютиб бўлмайди, деб ёзади «The American Conservative» нашри эксперти Жеффри Жеймс Ҳиггинс.

16 йилдан бери давом этаётган, миллиардлаб доллар маблағ сарфланган урушдан сўнг ҳанузгача жаҳонда етиштирилаётган героиннинг 75 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келмоқда, устига-устак, террорчилик гуруҳларининг энг юқори концентрацияси ҳам шу давлатда қайд этилган. Боз устига, Афғонистон жаҳондаги энг йирик наркосавдогарлар гуруҳи ислом терроризмига бевосита кўмак берадиган асосий магистраллардан бири саналади. Токи АҚШ бу муаммони ҳал қилмас экан, Трамп ўзининг ғалаба қозониш ҳақидаги ваъдасини бажара олмаслиги аниқ.

Наркотерроризм — бу наркосавдогарлар ва террорчилар ўртасидаги ўзаро боғлиқлиқни тасвирлаб берувчи термин. Наркотерроризм турли тўрт шаклда намоён бўлади:

1) наркосавдогарлар наркотик савдосини йўлга қўйиш учун террорчилик фаолияти билан шуғулланишади;

2) ўз операцияларини молиялаштириш учун наркотик сотадиган террорчилар;

3) наркотиклар савдосидан ҳам, террорчилик фаолиятидан ҳам бирдек манфаатдор бўлган ташкилотлар;

4) бир-бирини фаол қўллаб-қувватловчи наркосавдогарлар ва террорчилар.

Афғонистондаги Нанганҳор вилояти наркотик савдоси гуллаётган қора бозорнинг ўчоғига айланган. Бу ерда героин савдогарлари ва террорчилик гуруҳлари ўртасида қалин алоқа ўрнатилган. Наркосавдогарлар наркотик савдосидан тушган пулнинг бир қисмини «закот» сифатида гуруҳларга топширишади.

 

Фото: fardanews.com

 

Бунга жавобан жангарилар наркотик тайёрланадиган лабораторияларни афғон полицияси ва ҳарбийлардан ҳимоя қилади. Улар афғон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга бел боғлаган фуқароларни қўрқитиб, ўлдириб, наркотик савдоси ва терроризм гуллаб-яшнайдиган муҳит ҳосил қилишади.

АҚШнинг наркотик моддалар ҳақидаги қонунларнинг ижро этилишини назорат қилувчи маъмурияти маълумотларига кўра, террорчилик гуруҳларининг тахминан 37 фоизи наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси билан у ёки бу даражада боғлиқ. Сўнгги бир неча йил ичида агентлик афғон полицияси билан биргаликда нисбатан янги федерал қонунни қўллаб, йирик наркосавдогарларни таъқиб этган. 2006 йилда АҚШда наркотерроризмга қарши федерал қонун қабул қилинган, унга кўра террорчилик ташкилотлари террорчилик фаолиятига алоқадор шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш учун наркосавдогарлик билан шуғулланиш ноқонуний деб топилган.

Фото: aljazeera.com

Бу қонун билан айбланган илк инсон Афғонистоннинг Нанганҳор вилоятидан Хон Муҳаммаддир. У бир вақтнинг ўзида ҳам наркотик сотувчи, ҳам «Толибон» ҳаракатининг аъзоси бўлган. Унинг «Аллоҳ кофирларни ҳозироқ қириб ташласин, биз ҳам уларни қиришда иштирок этамиз. Буни наркотик ёрдамидами ё қурол воситасидами, фарқи йўқ — бу бизнинг умумий мақсадимиз», деган сўзлари тасмага ёзиб олинган. Наркотиклар тўғрисидаги қонунларнинг ижросини назорат қилиш маъмурияти ва афғон полицияси бўлинмаси қўшма суриштирув олиб борганидан сўнг Муҳаммад 2006 йили ҳибсга олинган. Уни АҚШга келтиришган ва наркотиклар сотиш ва наркотеррорчиликда айблашган. У икки марта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳожи Боғчо эса дунёдаги энг йирик наркосавдогарлардан бири саналади ва у ўзининг героин тайёрланадиган лабораторияларини айнан Нанганҳор вилоятида барпо этган. БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бошқармаси маълумотларига кўра, унинг ташкилоти ҳиссасига жаҳонда етказиб бериладиган героиннинг 20 фоизи тўғри келади. 12 ойлик бир давр мобайнида Ҳожи Боғчо 261 миллион долларга 123 тонна героин сотишга муваффақ бўлган, бунча миқдордаги наркотикнинг кўчадаги нархи миллиардлаб доллар билан ўлчанади.

Ҳожи Боғчо пулларни ва қуролларни «кофир»ларни Афғонистондан чиқиб чиқаришда ёрдам бериши учун «Толибон» раҳбариятига берган, шунингдек, у «янада кўпроқ героин ишлаб чиқариб, янада кўпроқ кофирларни ўлимга гирифтор этиш учун» фермерларни кўпроқ кўкнор етиштиришга мажбурлаган. Уни ҳам наркотик савдоси ва наркотеррорчиликда айбдор, деб топишган ва 254 миллион доллар жаримага тортишган. Кейинчалик гарчи наркотеррорчилик айблови олиб ташланган бўлса-да, Ҳожи Боғчо наркотик савдоси учун ҳануз қамоқхонада қолмоқда.

Ҳожи Боғчо. Фото: cbsnews.com

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бошқармасининг 2016 йилги ҳисоботига кўра, Жаҳон бўйлаб кўкнор етиштириш учун ажратилган ерларнинг учдан икки қисми Афғонистон ҳиссасига тўғри келади. 2015 йилги ҳисоботга кўра, жаҳон бўйича ишлаб чиқарилган героиннинг 77 фоизи Афғонистонда тайёрланган ва Нанганҳор вилояти Афғонистоннинг асосий героин вилоятларидан бири саналади. 2017 йилги ҳисоботларга кўра, «Толибон» ўз даромадларининг тенг ярмини наркотик савдосидан олади.

Нанганҳор вилоятидаги фермерлар кўкнор экиб, ундан қорадори олишади ва уни даллолларга сотишади. Даллоллар қорадорини тоғларда жойлашган махфий лабораторияларга эга гуруҳларга пуллашади. Айнан ўша жойда қорадори морфин ва героинга айланади. Савдогарлар энг тоза героинни «spin mal» деб аташади. Томир орқали юбориладиган бу тоза героин бутун дунё бўйлаб, жумладан АҚШда ҳам сотилади.

Афғонистондаги полициячилар, божхоначилар ва сиёсатчилар ўртасида коррупциянинг жуда юқори даражаси кузатилаётганини алоҳида қайд этмоқ лозим. Афғон амалдорларининг аксарияти Афғонистон ва Покистондаги «Толибон» ҳаракати ва Ҳаққоний тармоғи билан алоқаларга эга. Коррупциянинг бундай даражаси наркотик савдосининг ҳам, террорчиликнинг ҳам гуллаб-яшнашига замин яратади.

Коалициянинг қуролли кучлари узоқ йиллар 11 сентябрь терактларидан сўнг Усома бин Лоден яширинган Нанганҳор жанубидаги Спинғор тоғининг Тўра-Бўра ҳудудида террорчиларга қарши кураш олиб борган. Апрель ойида АҚШ Нанганҳордаги «Ислом давлати»га тегишли ер ости туннель мажмуасига ўта қувватли фугас бомбасини ташлади. Бироқ ҳанузгача бу савол очиқлигича қолмоқда.

Президент Трампнинг Жанубий Осиёдаги янги стратегияси Америка қуролли кучларининг террорчилик гуруҳларига қарши кенг қамровли курашини назарда тутиши лозим, бироқ шунда ҳам наркотерроризмга қарши кураш эътибордан қолмаслиги керак. «Ислом давлати», Ҳаққоний тармоғи, «Толибон» ва бошқа терорчилик гуруҳларини парчалаш учун ҳар қандай уриниш АҚШ Нанганҳор вилояти ва бошқа ҳудудларда наркотеррорчиларни йўқ қилсагина муваффақиятга йўғрилган бўлади. Лекин АҚШ бунга қандай қилиб эришиши ҳанузгача аниқ эмас.