Латвия пойтахти Рига шаҳрида жорий йилнинг 28-30 август кунлари Латвия-Ўзбекистон мамлакатлари ўртасида бизнес форум ўтказилди.

Ушбу форум доирасида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК вакиллари томонидан озиқ-овқат соҳасида бир нечта йўналишлар бўйича музокаралар олиб борилди.

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» матбуот хизмати «Kun.uz»га хабар қилишича, бу музокаралар натижасига кўра, Рига шаҳрида Ўзбекистон -Латвия савдо уйи очилишига келишиб олинди. Шунингдек, Европанинг барча мамлакатлари, Скандинавия ва Болтиқбўйи давлатларига Ўзбекистондан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларни сақлаб ва етказиб берувчи логистика маркази «ҳаб» ишга туширилади. Бундан кўзланган асосий мақсад Европа мамлакатлари савдо пеш-тахталарини Ўзбекистоннинг сархил мевалари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдир.

Музокаралар давомида шунингдек, Жиззах вилоятида қаттиқ турдаги пишлоқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонани очиш бўйича меморандум имзоланган.