2 сентябрь куни барча мактабларда истиқлолнинг 26 йиллиги муносабати билан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида "Мустақиллик дарси" ҳамда Биринчи Президент Ислом Каримов хотирасига бағишланган "Хотира дарслари" ўтказилди. Ушбу дарсларга адиб ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари кенг жалб этилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, 10-11-синфлар учун янги ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилиб, улар асосида 18 номдаги дарсликлар яратилди. Ўқув режага кўра 10-синф ўқувчилари ҳафтада беш кун умумтаълим фанларини ва бир кун касбга оид фанларни ўрганиши белгиланди. Педагог кадрларга бўлган эҳтиёж олий ўқув юртлари битирувчилари, академик лицей ва коллежлар фан ўқитувчиларини жалб этиш ҳамда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг дарс юкламасини ошириш ҳисобидан қопланмоқда. 

Бу йил 482 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Мактабларни янги ўқув йилига ҳозирлаш жараёнида улардаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини пухта ўрганиш, мавжуд камчиликларни маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этишга жиддий эътибор қаратилди. 

Ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш мақсадида бу йил ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарига 28 номдаги 1,2 миллион бадиий адабиётлар, энциклопедиялар ва ранг-баранг маърифий китоблар етказилди. 

Бу йил 1-синфларга қабул қилинган 650 мингдан ортиқ ўқувчи учун “Президент совғаси” – 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тайёрланиб, жойларга тўлиқ етказилди. Улар мактабга илк марта қадам қўйган ўғил-қизларга тантанали топширилди.