Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ЖЧ–2018 саралаш босқичи «А» гуруҳи 10-туридан ўрин олган барча ўйинлар бир вақтда бошланиши ҳақида кўрсатма берди ва ҳар бир мамлакат ҳудудидан келиб чиққан ҳолда беллашув вақтларини белгилади, деб ёзмоқда ЎФФ расмий сайти.

«А» гуруҳи сўнгги тур учрашувлари шу йилнинг 5 сентябрь куни бўлиб ўтади.  Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Жанубий Корея билан баҳс олиб борса,  Эрон ўз майдонида Сурияни қабул қилади. Хитой эса сафарда Қатар меҳмони бўлади. Барча ўйинлар Тошкент вақти билан 20:00 да старт олади.

ЖЧ–2018 саралаш босқичининг «B» гуруҳида эса ўйинлар бир вақтда бошланмайди. Ироқ ва БАА нейтрал майдон – Эронда ўйнаши ҳамда Австралиянинг ноқулай вақт ҳудуди ушбу гуруҳдаги ўйинларнинг бир вақтда бошланишига имкон бермади.