Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайнга тегишли бўлган ва 2003 йилда АҚШнинг Ироққа бостириб кириши вақтида ўғирланган қадимий шахматлар Ироққа қайтарилди. Бу ҳақда Al Sumaria телеканали хабар бермоқда.

Шахмат Ироққа АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси томондан топширилган.  

Маълум қилинишича,. Америкалик дипломатлар қадимий буюмни Ироққа қайтариш учун Ироқ маданият ва қадимийликлар вазири ўринбосари Қайс Рашид билан учрашганлар. “Саддам Ҳусайн шахмати 2003 йилда ўғирланган ва ФҚБ саъй-ҳаракатлари билан топилган. АҚШ Ироқда ўғирланган қадимий буюмларни қайтаришда ёрдам беришга интилмоқда”, деб айтилган элчихона баёнотида. 

Шахмат ёғочдан ишланган ва тилла сув югуртирилган, ярим қимматбаҳо тошлар билан безалган нақшинкор шахмат тахтасидан иборат. Шахмат доналари эса тилларанг ва кумушранг металлардан ясалган ва найза, қилич ва қалқонларга эга жангчилар кўринишида ишланган. Суратларга кўра, доналарнинг асоси феруза ёки марварид билан безалган. Шуниси маълумки, шахмат Ҳусайн саройидан ўғирланган. У шу барча йиллар қаерда сақлангани ва қандай қилиб қайтарилгани маълум қилинмаган.

АҚШ Ироққа бостириб киргандан кейин Ироқдаги қадимийликлар сақланадиган жойлар оммавий тарзда таланган. Бағдод миллий музейининг ўзидан қийматини баҳолаб бўлмайдиган минглаб ээкспонатлар йўқолган. Ҳусайн саройларида сақланган ўнлаб қимматли совғалар ўғирланган. Нафақат музейлар, балки масжид, черков ва кўплаб археологик қазилмалар жойлари ҳам таланган. Ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2003-2004 йилларда Ироқдан 130 мингта маданий-тарихий буюм олиб чиқиб кетилган. Улардан аксарияти АҚШда бўлиб, Ироққа бир қисмигина қайтарилган.

Ироқда тарихий мерос буюмларининг талон-тарож қилиниши Ироқнинг катта қисмини 2014 йилда ИШИД эгаллаб олгандан кейин давом этган. Жангарилар Ироқ санъат асарларининг ноқонуний бозорларга бош “етказиб берувчилари”га айланганлар. Кўплаб қадимий асори-атиқалар, архитектура ёдгорликлари, ҳайкаллар ва ибодатхоналар жангарилар томондан йўқ қилиб ташланган ва абадулабад Яқин Шарқ қадимийликлари харитасидан йўқолган.