Японияда 2,7 миллионга яқин миллионерлар истиқомат қилади, бу эса Хитой ва Германиядаги миллионерларни қўшганда ҳам кўпроқ, — деб ёзади Insider Pro ўзининг таҳлилий мақоласида.

Келинг, япониялик миллионерлар пенсияга чиқишганидан сўнг ўз бойликларини қай йўсинда тасарруф этишга қизиқиб кўрайлик. Кюсю оролининг бош темир йўли президенти олдида бир муаммо кўндаланг бўлган эди: унинг поездларидан борган сари жуда кам инсон фойдаланар эди. Одамлар кексайиб борар, пенсияга чиқиб, эрталаблари ишга қатнамай қўйишмоқда эди. Инсонларнинг биринчи галдаги заруратига кирмайдиган нарсаларни исташига айёрлик билан қўзғатиш керак эди. Ниҳоят ечим топилди: ультра ҳашаматдор поездлар яратиш!

Янгилик шу қадар машҳур бўлиб кетдики, Япониянинг энг яхши икки темирйўл компаниялари ғоядан нусха олиб, ўз бизнесига ҳам жорий эта бошлашди. Улардан бири — East Japan Railway Co май ойида ўнта ётоқ вагонидан иборат ҳашаматли экспрессини тақдим этди: илк чипталарни харид қилган 34 бахтли инсон саёҳатдан катта таассуротлар ва завқ туйган ҳолда қайтишган.

Бу поезд классик шарқий экспресснинг замонавий талқини деса ҳам бўлади. Унинг шаффоф деворлари ва шифтлари шишадан ясалган уйчани эслатади. Хизмат кўрсатиш персонали ҳам ўз ишининг усталари. Чипталар нархининг ҳаддан зиёд қимматлиги — 3 кунлик йўл учун 8400 доллар эканига қарамасдан, жойлар икки ой олдин сотиб бўлинди.

Сўнгги йигирма йил ичида Япония иқтисодиёти нақ етти марта рецессияга дучор бўлганига қарамасдан, давлат хазинаси ҳали бўшаб қолганича йўқ. Япония — АҚШдан сўнг миллионерлари кўп бўлган иккинчи давлат ҳисобланади. Bain&Company консалтинг компанияси маълумотларига кўра, ўтган йили Японияда биргина люкс маҳсулотлар бозори нафақат талофат кўрмаган, ҳаттоки даромад билан чиққан. Hermes сумкалари, Rolex соатлари ва Европанинг бошқа нуфузли рамзларига талаб ҳануз ўз позициясини бой бермаяпти. Бойвачча япон пенсионерларида эса янги ёқимли машғулот пайдо бўлган — биринчи класс вагонларга эга поездда сайр қилиш ва бунинг учун улар сўралган пулни тақдим этишга тайёр.

«Япония — бу ҳашаматлар мамлакати, — дейди чипталарни онлайн бронлаш бўйича компания ижрочи директори Грег Шулце. — Ва бозор айни дамда умумий люкс йўналишидан ортда қолмасликка ҳаракат қилмоқда».

Бугунги кунга келиб, Япония хорижий сайёҳлар сони бўйича етакчилик қилмоқда. Лекин оддий ва элита сайёҳлиги ўртасида кескин фарқ бор. Элита туризмига айниқса қариялар интилишади: масалан, қария япон Фужио Умемото дўстлари билан денгизда сайр қилиш учун яхта сотиб олган.

67 ёшли, қуёшда тобланган қариянинг айтишича, йиллаб иқтисод қилиш оқибатида энди унга пули ҳам, ўзига эътибор бериш учун вақти ҳам етарли бўлмоқда. У пенсияси қанчалигини ошкор этмаган, лекин Япониядаги бизнес ташкилотлар федерацияси томонидан ўтказилган сўровларга кўра, бутун умрини битта фирмада ишлаш билан ўтказган ходимларнинг бир марталик бонуси ўртача 210 минг долларга тенг бўлган.

«Ипотека қарзларимдан қутилганман, болаларимни уйли-жойли қилганман, энди ҳаётимни ўзимга бағишласам ҳам бўлади, — дейди Умемото. — Менга нарса керак эмас. Мен пулларимни ёқимли хотиралар ва қизиқарли тажрибага сарфламоқчиман».

Япония иқтисодиёти ўта бой инсонлар вужудга келишига унчалик йўл қўймайди: сайёрамиздаги энг бой 500 киши ўртасида бор-йўғи 6 нафар япон бор (таққослаш учун: бу рўйхатда 164 нафар америкалик бор), лекин у миллионлаб миллионерлар мамлакатидир. Аслида 1 миллион доллар суммадан зиёд ликвид активларга эга японларнинг сони 2,7 миллион кишидан ошади — бу миллионер немис ва хитойликларни қўшганда ҳам улардан кўпдир. Бу ҳақда Capgemini консалтинг фирмасининг World Wealth Report ҳисоботида айтиб ўтилган.

Аҳолиси тобора қисқариб бораётган мамлакатда қария ва бой киши — ўсиб бораётган ва ўзаро бириккан икки демографик гуруҳдир. 2015 йили фонд бозорларида рўй берган ралли оқибатида япон миллионерлари сони 11 фоизга ошган.

«Япон жамияти шундай қурилганки, бу ерда ўртача бойлар тоифаси гуллаб яшнамоқда», — дейди Токиодаги Номура тадқиқот институтининг маслаҳатчиси Ҳироюки Миямото.

Бироқ бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ ошиб бормоқда — кўплаб японлар аввалгидек яхши яшамаяпти. Миллий солиқ агентлигининг маълумотларига кўра, 1997 йилдан бери иш ҳақи ва имтиёзлар 10 фоизга пасайган. Бу мамлакатда ҳукмрон дефляциянинг оқибатидир, бунинг натижасида мамлакатдаги истеъмол бозори арзон ва чегирма билан сотувчилар томон силжиган.

Бироқ ҳашамат дунёси учун бу оқибатлар унчалик писанд эмас. Expedia маълумотларига кўра, ўтган йили Японияда премиум-класс авиачипталари эконом-классга нисбатан икки баробар фаолроқ сотилган. Мамлакатнинг энг йирик JTB Corp. сайёҳлик оператори ўзининг люкс классдаги қатновлар билан шуғулланувчи Royal Road Ginza шўъба бўлими 2003 йилда асос солинган буён 10 баробар ўсганини маълум қилди.

Қария ва бой японларнинг харажатлари круиз туризмида ўз аксини топган бўлса ажабмас. Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили япон йўловчиларнинг сони 12 фоизга ўсган ва рекорд даражадаги 248 минг кишини ташкил этган. Nippon Yusen K.K кемачилик компаниясининг дунё бўйлаб уч ойлик биринчи классдаги круиз чипталари биринчи кундаёқ сотиб бўлинган. Унинг энг қиммати 230 минг доллар турса ҳам.

Бундай талаб хорижий рақобатчиларни ҳам жалб қилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Американинг Princess Cruises сайёҳлик компанияси япон портларидан дунё бўйлаб йил бўйи саёҳатлар уюштира бошлади. Яна бир сайёҳлик оператори Genting Hong Kong шу ойда Японияга ўзининг энг йирик океан лайнерларидан бирини жўнатди. Италиянинг MSC Cruises компанияси келгуси йилда Япониядан илк круиз йўналишини ишга туширади, 2019 йилга бориб унинг сонини тўрттагача кўпайтиришни мақсад қилган.

2005 йилдан бери люкс классидаги кўчмас мулк объектлари қуриб, фойдаланишга топширган Hoshino Resort Co. Ўтган йили Токиодаги молиявий кварталнинг ўртасидаги қайноқ чашмаларда анъанавий японча ҳотел очган. Офис миноралари соясидаги бу гўша илгаридан фойдаланиб келинган иссиқ сув манбалари атрофида барпо этилгани йўқ, қурувчилар 1,5 километр чуқурликдан канал бурғулашларига тўғри келган.

Бундан ташқари, японларни люкс классдаги автобуслар ҳам қизиқтиради. Кўпчилик бу турдаги транспорт воситасидан фойдаланишни ҳеч ҳам дабдаба билан боғлай олмаса керак, бироқ япон компаниялари бу ерда ҳам хизмат кўрсатишнинг биринчи класси ҳақида қайғуришган. Бир неча йил аввал Isetan Mitsukoshi Holdings Ltd. Универмагининг оператори люкс классдаги ташув учун экскурсия автобуслари таклиф эта бошлаганди. Автобус салонлари шундай мослаштирилганки, у биринчи классдаги авиапарвозни эслатиб юборади. Автобус 10 йўловчига мўлжалланган — гарчи худди шундай оддий транспорт 40 кишига мўлжалланган эса-да.

JTB ўзининг элитали автобус турларини шу йилнинг апрелидан йўналишга қўйган. Шарқий Япониянинг ўрмонлари ва тоғларига 12 кунлик саёҳат 13 минг долларга тушади.

Лекин нима бўлганда ҳам автобуслар поездларга тенглаша олмайди. JR Kyushu Railway Co. — ультра ҳашаматдор темирйўл шов-шувининг асосини яратган компания турли йилларда поездларини турли аҳволларга солиб, синов ўтказишган, деганди компания раиси Кожи Караике ўтган йилги интервьюсида. 2013 йилда улар сеҳрли омад формуласини ниҳоят топишади ва «Етти юлдуз» супер элитали поездини ишга туширишади.

«Албатта, биз ўзимизнинг сайёҳлик поездларимиздан жуда фахрланамиз, — дейди Караике. — Биз шу пайтгача Япониянинг бирор темирйўл компаниясида бўлмаган нарсани ихтиро қилдик».