Хитойнинг жануб-шарқида ўтказилаётган BRICS саммитининг биринчи иш кунида Хитой Савдо вазирининг биринчи ўринбосари иштирокчиларнинг йиғилишида савдо протекционизм сиёсатига қарши чоралар кўрилишини маълум қилди.

Россия, Бразилия, Ҳиндистон, ЖАР ва Хитой давлат раҳбарлари келгуси сешанба куни Хитойнинг Cиамен шаҳрида йиғилиши режалаштирилган. Бу Хитойга мезбон сифатида АҚШ президенти Доналд Трамп илгари сураётган "Америка биринчи” сиёсатига қарши тура олиш имкониятини тақдим этади.

Шунингдек, BRICS​ етакчилари сафига Таиланд, Мексика, Миср, Гвинея ва Тожикистон раҳбарлари ҳам кузатувчи мақомида қўшилиши кутилмоқда. Мустақил мутахассисларнинг фикрича, "BRICS​ Plus” кўринишида ўтадиган саммит йиғилишида ташкилотга янги аъзолар қабул қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Транс-Атлантик савдо шартномасидан воз кечган янги АҚШ ҳукумати эндиликда 23 йиллик тарихга эга NAFTA ташкилотини ҳам ислоҳ қилишга киришмоқда. Дональд Трампнинг фикрича, шимолий Америкада NAFTAнинг бўлиши мамлакат ичида янги иш ўринларини яратишга имкон бермаяпти.

Бундан ташқари, саммит бир ҳафта олдин Ҳимолай атрофида чегара масаласидан келиб чиққан Хитой-Ҳиндистон инқирози ижобий ҳал бўлиши биланоқ ташкил этилмоқда. Бу аъзо давлатларнинг ҳамкорликда қарор чиқаришга яхши шароит яратиб беради.