Бир финжон қаҳва, китоб мутолааси ёки янгиликларни кузатиш бўладими, ҳар кишининг эрталаб бажаришга одатланган ҳаракати бор. Айнан тонгги одат билан иш бошлаш кун давомида самарадор натижа ва аъло кайфиятни тақдим этади. Sleepypeople.com сайтида эълон қилинган инфографика бўйича, биз дунёнинг энг муваффақиятли кишиларининг эрталабки машғулоти билан танишиб чиқишимиз мумкин.

АҚШ собиқ президенти Барак Обама кунни бадантарбия машқлари билан бошлайди

Сайт тақдим этган маълумотга кўра, Обама соат 6.45да уйғониб, машқ қилиш зали томон йўл олади. Кардио ва ортиқча вазнга қарши бажарган машқларидан сўнг Барак турмуш ўртоғи Мишел билан нонушта қилиш учун столга ўтиради. Уларга Малия ва Саша исмли икки нафар қизи ҳамроҳлик қилади.


Буюк Британия собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон эрталаб телевизор томоша қилмайди

Эрталаб соат 6.00да уйғонишга одатланган инглиз сиёсатчиси дастлабки икки соат вақтни муҳим ишларни тартибга солиш, режа тузиш ва кўздан кечириб чиқишга сарфлайди. Сўнгра, соат 8.00да рафиқаси Саманта, фарзандлари Артур, Ненси ва Флоренс билан бирга нонушта қилади.

Доунинг кўчаси, 10 уйда истиқомат қилувчи собиқ бош вазирнинг хонадонидан қатъий қонун бор: эрталаб телевизор томоша қилиш мумкин эмас. Шунинг билан у фарзандларининг фойдали ишлар билан машғул бўлишини хоҳлайди.


Уинстон Черчилль уйқудан вақтли тура олмасди

Яна бир Консерватив партиясининг вакили, собиқ Бош вазир Уинстон Черчилль соат 7.30гача уйғонмаган. Маълумотга кўра, айрим кунлари у соат 11.00гача ётоқхонадан чиқмаган.

Шу пайт ичида у нонушта қилган, рўзномадаги тонгги янгиликларга кўз югуртириб чиққан, вассалом.


Старбакс асосчи Ҳовард Шульц кунни бир финжон қаҳва билан бошлайди

Балки бу маълумот барчани ҳайратга солмаслиги мумкин, негаки, энг машҳур қаҳваларни сотиш бўйича танилган бренд асосчиси айнан шу ичимликни севиши табиий.

Қизиқарли жиҳати шундаки, у саҳарда соат 4.30да уйқудан туради ва итлари билан сайрга чиқади. Шундан сўнг, соат 5.45да қўлбола қаҳва тайёрлаб, ишга отланади.


Стив Жобс ҳар куни ўзига илҳомбахш нутқларни ўқиган

Кўк шим ва қора кўйлак билан ўзини эркин ҳис этган марҳум тадбиркор, Apple асосчи Стив Жобс ҳар тонг уйқудан сўнг, кўзгуга яқинлашиб, ўзини рағбатлантирувчи саволлар берган, айрим пайтлар нутқ ўқирди.

 

Марк Цукерберг иш кунини соат 6.00дан бошлайди

Ҳарвард университетини тарк этган, 31 ёшли Facebook​ асосчиси Марк Цукерберг, аввалги интервьюларида айтгани каби кулранг футболкасини кияди ва соат 6.00дан ишга киришади. Унинг айтишича, бир хил кийимни кийиш уни эрталабдан кўп қарорларни қабул қилишдан озод этади.