Грузияда 3-11 сентябрь кунлари қўмондонлик-штаб ва дала манёврлари кўзда тутилган Грузия-НАТОнинг кўп миллатли ҳарбий машғулотлари Agile Spirit 2017 (Шахдам ирода 2017) ўтади.

“Ахалцихадаги Орфоло полигонида 3 сентябрь соат 12.00да кўп миллатли ҳарбий машғулотлар Agile Spirit 2017 очилиши маросими бўлиб ўтади. Очилишда Грузия президенти Георгий Маргвелашвили ва мудофаа вазири Леван Изория иштирок этади”, деб айтилган Грузия мудофаа вазирлиги хабарида. 

АҚШ денгиз пиёда қўшинлари шерикчилигида ўтадиган бу машғулотлар 7 марта бўлиб ўтади. Ҳарбий машғулотлар дала ва штаб босқичларини кўзда тутади.

Машғулотлардан мақсад грузиялик ҳарбийларнинг АҚШ ва бошқа ҳамкор давлатлар ҳарбийлари билан ўзаро ҳаракатланиши, инқирозларга жавоб беришга тайёрлигини яхшилаш ва НАТОнинг тез жавоб бериш кучлари таркибида қўшма операцияларда иштирок этиши ҳисобланади. 

Жорий йилда машғулотларда НАТОга аъзо давлатлар, Грузия, АҚШ, Латвия, Руминия ва Арманистон ҳарбийлари иштирок этишади. Шу муносабат билан Грузияга 500 нафар америкалик ҳарбий етиб келган. 

Грузия ва НАТО ўртасидаги ҳамкорлик Грузия “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастури иштирокчисига айланган 1994 йилдан бошланган. 2004 йилда Грузияда бўлиб ўтган инқилобдан кейин Грузия ва НАТО ҳамкорлиги янада жадаллашди. 2008 йил Бухарестда ўтган НАТО саммитида Грузия альянс стандартларига мувофиқ келса, НАТО аъзоси бўлиши мумкинлиги тасдиқланган.

Грузияда охирги йиллар кўп миллатли машғулотлар тез-тез ўтказилмоқда. Улардан энг йириклари Noble Partner, Agile Spirit ва “Грузия-НАТО” машғулотлари ҳисобланади. Уларда турли давлатлардан минглаб ҳарбийлар иштирок этишади.