3 сентябрь, якшанба куни Саудия Арабистонида Ҳаж амаллари ниҳоясига етди. Бу ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди. 

Хавфсизлик хизматлари бошлиғи Холид Ал-Ҳарбийнинг маълум қилишича, 2017 йилги Ҳаж зиёрати вақтида тирбандлик ҳолатлари қайд этилмаган. 

Бундан аввал жаҳоннинг турли давлатларидан келган 2 миллионга яқин мусулмон зиёратчи беш кунлик ҳаж амалларини бажараётгани ҳақида хабар берилганди.  

Таъкидлаш жоизки, жорий йил 7350 нафар ўзбекистонлик зиёратчи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Наманган-Мадина, ҳамда Урганч-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатилган. Ҳожилар учун меҳмонхона, тиббий марказ, ошхона ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида 10 нафар ишчи гуруҳи аъзоси Саудия Арабистонига сафарбар этилган. 

Ўзбекистонлик зиёратчилар учун Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий”дан 100-150 метр узоқликда жойлашган “Жавҳарат ар-Рошид”, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 5000 метр узоқликдаги тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси хизмат кўрсатган. Ҳар бир хона музлатгич, телевизор ҳамда кондиционерлар билан жиҳозланган. 24 соат давомида замонавий автобусларда зиёратчиларни Макка шаҳридаги Ҳарам масжидига ташиш йўлга қўйилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Ҳаж сафаридан 8-24 сентябрь кунлари қайтишлари режалаштирилган. “Ҳаж-2017” мавсуми зиёратчиларининг охирги рейсида 74 нафар Иккинчи Жахон Уруши қатнашчилари ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни сафарга юборилган бўлиб, уларни биринчи рейс билан Ўзбекистон қайтариб олиб келиш режалаштирилган.